“Дунё пазандачилик ҳикоялари” китоби чоп этилди
Таиландда нашр этилган “Дунё пазандачилик ҳикоялари” китобига ўзбек миллий ошхонаси ҳам киритилган. "Elite+" журналининг халқаро масалалар бўйича маслаҳатчиси Кэтлин Покруд муаллифлиги остида чоп этилган китоб миллий ошхоналар тўғрисидаги мақолаларни ўз ичига олган.
Китобдаги маълумотлар Таиланддаги 45 та хорижий дипломатик ваколатхоналар томонидан тақдим этилган.
Ўзбекистоннинг Таиланддаги бош консули Фахриддин Султонов асрлар давомида шаклланган бой ўзбек ошхонаси ҳақидаги маълумотлар билан бўлишган. У ош, манти, сомса каби машҳур таомлар, асл рецептларни тақдим этган.
Таиланддаги дипломатик корпуслар, давлат ва хусусий сектор вакиллари иштирокида бўлиб ўтган тадбирда иштирокчилар ўзбек таомлари, жумладан палов, сомса ва анъанавий ширинликларни татиб кўрди.
“Дунё пазандачилик ҳикоялари” китобига ўзбек ошпазлик анъаналарининг киритилиши ўзбек ошхонасини халқаро миқёсда оммалаштириш ва халқлар ўртасида маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлашга қаратилган.
Азиза Алимова тайёрлади, ЎзА