Дунё чавандозлари Тошкентда жам бўлади
Тошкент шаҳридаги “Universal Horses Stable” от спорт мажмуасида FEI жаҳон кубоги саралаш босқичи мусобақалари 23 апрель кунидан 3 майга қадар ўтказилади.
Мазкур халқаро мусобақа Халқаро от спорти федерацияси (FEI) томонидан тасдиқланган бўлиб, унда чавандозларимиздан ташқари дунёнинг 20 га яқин давлатидан спортчилар иштирок этиши кутилмоқда.

Турнир давомида 100 дан ортиқ чавандозлар икки асосий йўналиш — тўсиқлардан сакраш (конкур) ҳамда от йўрттириш бўйича ўзаро куч синашади.
Мусобақанинг конкур баҳслари биринчи босқичи 23-26 апрель кунлари бўлиб ўтса, иккинчи босқич 30 апрель – 3 май санасида ташкил этилади. Шунингдек, 27–30 апрелда чавандозлар от йўрттириш беллашувларида қатнашади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА