Абдуқодир Ҳусанов жамоаси чемпионлик учун яна бир қадам ташлади
Англия Премьер-лигасининг 33-тури «Кристал Пэлас» — «Вест Хэм» клублари баҳсидан сўнг якунланади. Бироқ, бу учрашув натижаси лига жадвалининг кучли ўнталигига тасир қилмайди.
Чемпионатнинг қолган учрашувлари ва жамоаларнинг айни дамдаги ўрни ҳақида тўхталиб ўтишни лозим топдик. Ушбу турнинг марказий ўйинида “Манчестер Сити” ўз майдонида лига пешқадами “Арсенал”ни 2:1 ҳисобида таслим этди.
Мазкур тўқнашувда Райан Шерки 16-дақиқада ҳисобни очган бўлса, орадан икки дақиқа ўтиб, Кай Ҳаверц мезбонлар дарвозабони Жанлуижи Доннарумманинг хатосидан фойдаланиб, ҳисобни тенглаштирди. Ушбу ҳолатдан руҳланган Кай Хаверц бўлим сўнгида Доннарумма қаршисида яна ёлғиз қолиб зарбага шайланган бир вазиятда ҳимоячимиз Абдуқодир Ҳусанов етиб келди ва тўпни ҳужумчи оёғи устидан қайтариб юборди.
Иккинчи бўлимнинг 65-дақиқасида Эрлинг Ҳоланд “МС” жамоасининг ғалаба тўпини киритди. Баҳс охиригача мезбонлар ҳимояланишда бехато ўйнаб, ғалабани ушлаб қолди.

Шу тариқа, "шаҳарликлар" ғалабадан сўнг очколари сонини 67 тага етказиб олди ва "кононирлар" билан фарқни 3 очкога қисқартирди. Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, “МС” ҳисобида битта захира ўйини мавжуд.
Дарвоқе, мазкур тўқнашувни ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусанов асосий таркибда бошлаб, тўлиқ ўтказди. Унинг ўйиндаги ҳаракатларини "Fotmob" 7.7, "Sofascore" портали Ҳусанов 6.8 ва "Flashscore" эса 6.9 баллга лойиқ кўрди.
Англия Премьер-лигасининг 33-турида «Брентфорд» — «Фулхэм» 0:0, «Лидс» — «Вулверхэмптон» 3:0, «Ньюкасл» — «Борнмут» 1:2, «Тоттенҳэм» — «Брайтон» 2:2, «Челси» — «Манчестер Юнайтед» 0:1, «Ноттингем Форест» — «Бернли» 4:1, «Астон Вилла» — «Сандерленд» 4:3, «Эвертон» — «Ливерпуль» 1:2 ҳисоблари қайд этилди.

Ушбу натижалардан сўнг, мусобақа жадвалида «Арсенал» 70 очко билан қолган бўлса, «Манчестер Сити» 67, «Манчестер Юнайтед» ва «Астон Вилла» 58 очко, «Ливерпуль» эса 55 очко билан кучли бешликни якунлади.
«Челси», «Брентфорд» ва «Борнмут» клублари бир хил - 48 очко тўплаб, 6-8 ўриндан жой олди. «Брайтон» ва «Эвертон» эса 47 очко жамғариб, 9-10 поғонани эгаллади. Шунингдек, «Сандерленд» 46, «Фулхэм» 45, «Кристал Пэлас» ва «Ньюкасл» 42, «Лидс» 39, «Ноттингем Форест» 36 очко билан 11-16 ўринларда қайд этилди.
Қуйи поғоналарда «Вест Хэм», «Тоттенҳэм», «Бернли» ва «Вулверхэмптон» очко билан қолмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА