Дунё бўйича антибиотиклар танқислиги кузатилмоқда
Тиббиёт мутахассислари сўнгги пайтларда юқумли касалликлар сонининг кўпайиши туфайли дунёда антибиотиклар танқис бўлиб бораётганини таъкидлашмоқда. Куни кеча Британиянинг Financial Times газетаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг дори-дармон етказиб бериш ва улардан фойдаланиш имконияти нитаъминлаш гуруҳи раҳбари Лиза Хедман тақдим этган маълумотларга таяниб шу ҳақда мақола эълон қилди.
Унда айтилишича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумот тўплаб борадиган 35 мамлакатнинг 80 фоизи пенициллин препаратлари етишмаслигини бошдан кечирмоқда. АҚШ ва Канада шифокорлари эса амоксициллин етишмаслигидан шикоят қилмоқда. Бундан ташқари, Европа Иттифоқига аъзо 27 давлатдан 25 таси ҳам айнан шу муаммо ҳақида маълум қилган.
Хедманнинг таъкидлашича, антибиотик билан боғлиқ муаммолар бўйича камбағалроқ ёки кичикроқ мамлакатлардаги вазият қандайлиги унчалик маълум эмас. Чунки бундай мамлакатларда мониторинг олиб бориш имконияти ҳам кўнгилдагидек кечмаяпти. Бундай давлатлар антибиотик етишмаслигидан бошқаларга қараганда кўпроқ зарар кўриши мумкин. Устига-устак ушбу мамлакатларнинг валютаси қадрсиз бўлса ва дори-дармонларни ҳам очиқ бозорда сотиб олишга мажбур бўлса, мазкур препарат билан боғлиқ муаммо янада кескин тус олиши мумкин.
Маълумки, коронавирус пандемияси даврида антибиотикларга бўлган талабнинг пасайиши ва таъминот занжиридаги кескин танглик фармацевтика компанияларни антибиотиклар ишлаб чиқариш ҳажмини камайтиришга мажбур қилди. Энди эса бу масала долзарб муаммога айланмоқда. Қолаверса, дори воситаларини ишлаб чиқариш учун компонентлар етказиб бериш ҳам қийинлашган. Энергия нархининг ошиши эса, дори-дармон ишлаб чиқарувчи компаниялар фойдасининг камайишига сабаб бўлмоқди, дейилади мақолада.
“Мамлакатлар ниқобсиз биринчи йилда респиратор инфекциялар одамларга бунчалик қаттиқ таъсир қилишини кутмаган эди”, — дея нашрдан иқтибос келтирган Хедман.
Нашрнинг ёзишича, АҚШ ва Европанинг айрим фармацевтлари ҳам парацетамол каби оғриқ қолдирувчи воситалар йўқлигидан шикоят қилмоқда. Бу грипп, респиратор синцитиал вирус ва коронавируснинг қишки тўлқини туфайли уларга талабнинг ортиши билан боғлиқ. Бундан ташқари, мутахассислар сил ва тери инфекцияларини даволаш учун дори-дармонлар танқислигини қайд этмоқдалар.
1928 йилда Александр Флеминг томониданбиринчи антибиотик пенициллин кашф этилган эди. Бу кашфиёт тиббиётнинг тарихи ва унинг кейинги ривожланишини ўзгартириб юборди. Пенициллин Иккинчи жаҳон уруши пайтида кўплаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолди. Антибиотикларсиз кўплаб процедуралар, жарроҳлик аралашувлар ўта хавфли ҳисобланарди. Чунки кўпинча жарроҳлик амалиётларида қон захарланишининг ривожланиш хавфи ортар эди.
Антибиотиклар кашф этилганидан буён бу дорилар замонавий тиббиёт арсеналидаги энг кучли воситалардан бирига айланди, аммо инсон ва ветеринария тиббиётида антибиотиклардан ортиқча фойдаланиш, шунингдек, уларни нотўғри ишлатиш касалликнинг унга қаршилиги пайдо бўлишига ва тарқалишига ёрдам беради.
Шифокорларнинг уқтиришича, бактериялар эволюцияга учрайди, улар вақт ўтиб кучли дорилар таъсирига ҳам бардош берадиган бўлади. Қолаверса, инсон танасининг ҳам антибиотикларга чидамлилиги ортмоқда.
Ҳар йили микробларга қарши чидамлилик туфайли даволаб бўлмайдиган инфекциялар дунё бўйича 700 минг кишининг ҳаётига зомин бўлмоқда. Агар бунинг бирор бир чораси топилмаса, 2050 йилга бориб бу рақам 10 миллион кишига етиши мумкин. “Босналек” халқаро фармацевтика компаниясининг Евроосиё бўлими раҳбари Валентина Бучнева замонавий алгоритмлар янги антибиотикларни излашда қандай ёрдам бериши ва нега сўнгги 25 йил ичида бу соҳада тубдан инқилобий ҳеч нарса кашф этилмаганига изоҳ берган.
Маълумки, антибиотиклар табиий равишда, бактерияларни (одатда актиномицетларни) қидириш орқали ёки сунъий равишда олинади. Одатда, антибиотиклар фитонцидлар ва тирик организмлардан олинади. Бироқ, бу дорилар деярли 100 йил давомида бактерияларни "ўлдириш"нинг барча санаб ўтилган усуллари орқали шунчалик кўп ўрганилдики, натижада, мана 25 йилдирки, янги антибиотиклар топилмаган. Бундан ташқари, кўплаб табиий бактерияларни лабораторияларда етиштириш мумкин эмас. Натижада, янги антибиотикни кашф қилиш учун 1 миллионга яқин актиномицетларни саралаш керак бўлади ва уларнинг ўз-ўзидан пайдо бўлган мутациялари исталган вақтда жараённи барбод қилиши мумкин. Шунинг учун янги антибиотик яратиш жуда қиммат ҳисобланади. Масалан, GlaxoSmithKline 10 йил давомида 1 миллиард доллар сарфлаган бўлсада, тиббиётга гепотидациндан ташқари арзийдиган ҳеч нарса тақдим этилмаган.
С.Раҳимов, ЎзА