Дунё коронавирусга қарши уруш ҳолатида
Ғолиб бўлишнинг ягона йўли – карантин қоидаларига риоя қилишдир.
Ғолиб бўлишнинг ягона йўли – карантин қоидаларига риоя қилишдир.
Карантин талабларига қатъий риоя қилинаётгани учун Италия ва Испанияда вазият яхши томонга ўзгара бошлади. Италияда 5 апрель, якшанба куни касалликка чалиниб, касалхонага ётқизилаётганлар сони биринчи марта қисқаргани кузатилган бўлса, кейинги кунларда интенсив терапия бўлимларида даволанаётган беморлар сони камайиб бормоқда.
Италия Соғлиқни сақлаш Олий институти президенти Сильвио Брузаферро ҳам Италияда бу касаллик тарқалишининг пасайишига асосий сабаб сўнгги 15-20 кун давомида мамлакатда қаттиқ карантин тартибларига амал қилингани эканини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Кўриниб турибдики, касаллик тарқалишига йўл қўймасликнинг асосий шарти ўз вақтида қаттиқ карантин тартиблари ўрнатиш ва барча томонидан бу талабларга сўзсиз риоя қилишдир. Касалликка чалинганларни аниқлаш ва уларни ажратиш, изоляция қилиш, улар билан алоқада бўлганларни аниқлаш ва уларни ҳам ажратиш билан бир қаторда одамлар ўртасидаги ўзаро мулоқотларни камайтиришга қаратилган ўзини ўзи изоляция қилиш ҳам жуда муҳим аҳамиятга эга.
Афсуски, аҳолидан уйда қолиш ва бевосита алоқаларни чеклаш, кўчага фақат ўта зарур ҳолларда чиқиш сўралаётганига қарамай, айримлар бу масалага нописандлик билан қарамоқда. Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумотларига қараганда, карантин эълон қилингандан бери ўтган давр давомида мамлакатимиз миқёсида 30 мингга яқин ўрнатилган тартибни бузиш ҳолатлари аниқланган. Фуқароларимиз томонидан ҳар куни 2,5 мингга яқин карантин қоидаларига амал қилмаслик ҳолатлари кузатилмоқда.
Карантин – бу вирус тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида кўрилган иложсиз чора. БМТ Бош котиби Антониу Гуттеришнинг таъбири билан айтганда, бугун бутун дунё коронавирусга қарши уруш ҳолатида. Ҳеч қайси давлатнинг бу борада тайёр рецепти ёки идеал йўриқномаси йўқ, зарур тартиб-қоидалар мана шу кураш жараёнида, керак бўлса “ёнғин” тартибида белгиланмоқда. Бу хавфли касаллик тарқалишига қарши кураш жараёнларига бевосита жалб қилинмаган инсонлардан эса фақат битта нарса – карантин шартларига қатъий риоя қилиш талаб қилинмоқда, холос.
Шундай экан, биз фуқаролардан эса, мазкур қоидаларни онгли равишда тўғри қабул қилиш, уларга риоя этиш ва бу билан ўзимизни, яқинларимизни ва фарзандларимизни ҳимоя қилиш ҳар бир фуқаронинг давлат ва жамият олдидаги инсонийлик вазифаси сифатида қабул қилишимиз талаб этилади.
Ўзбекистон ҳукумати мазкур мураккаб шароитда энг тўғри стратегияни танлагани ўз исботини топа бошлади. Тез фурсатларда коронавирусни енгган мамлакатлар қаторида Ўзбекистоннинг ҳам бўлишини кўришни бутун мамлакат аҳли истаётган тилак, десак муболаға бўлмайди.
Анвар Эминов,
таҳлилчи.