Дунганлар янги йилни нишонлади
Ўрта Чирчиқ туманида яшовчи дунган миллати вакиллари Хитой халқининг ой тақвими бўйича кириб келган янги йил – Чунь Цзе байрамини нишонлади. У хитойликлар маданиятида у янги ой ёки баҳор байрами деб ҳам аталади.
Байрамнинг тарихи қадимги шарқ афсоналари билан боғлиқ бўлгани учун қардош халқлар маданиятида ҳам бу айёмга алоҳида ҳурмат белгилари сақланиб қолган. Дўстлик маҳалласида ташкил этилган байрам тадбирида Миллатлараро муносабатлар ва дўстлик алоқалари қўмитаси вакиллари, Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихона масъул ходимлари, туман ҳокимлиги масъуллари, ёшлар, Дунган маданият маркази раиси ва фаоллари иштирок этди.



Бугунги кунда Ўзбекистонда уч мингдан зиёд дунган яшайди. Улар бошқа миллат ва элат вакиллари билан тинч-тотув, аҳил-иноқ яшаб, Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда.
– Янги йил байрамини биз хитой маданияти ва хитой тилининг ташувчиси бўлган дунганлар яшайдиган энг ғарбий қишлоқда нишонлаяпмиз, – дейди Ўзбекистон дунган маданият маркази раиси Мане Савуров. – Ўрта Чирчиқлик дунганлар ҳатто Хитойнинг ўзида ҳам сақланиб қолмаган тил, маданият, урф-одат ва маросимларни ҳалигача давом эттиради. Ўзининг бағрикенглиги билан ажралиб турадиган ўзбек халқи орасида яшаб, мамлакатимиздаги барча миллат вакилларига тенг муносабатда бўлган оқилона миллий сиёсат туфайли Ўзбекистон дунганлари тўлақонли фуқарога айланди. Бундан жуда хурсандмиз.



Тадбирда Хитойнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюн барчани қизғин табриклади. Дўстлик маҳалласида жойлашган 42- умумтаълим мактаби ўқувчиларидан ташкил топган “Чинме” ҳаваскорлар ансамбли ижросидаги дунган халқ қўшиқлари ва рақслар барчада катта таассурот қолдирди.
Шундан сўнг хитой тилида чоп этилган ўқув дарсликлари таълим муассасасига совға қилинди. Барча биргаликда мактаб боғига мевали кўчатлар ўтқазди. Меҳмонлар дунган оилаларда ҳам меҳмон бўлиб, суҳбат қурди.






А.Мусаев, ЎзА мухбири