Дуал таълим: университетдан маҳаллага, маҳалладан давлат бошқарувига
Бугун мамлакатимиз олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар вазиятни яхши биладиган, муаммоларни таҳлил қила оладиган, малакали ва рақобатбардош мутахассислар тайёрлашга қаратилган. Талабанинг аудиторияда олган билимини ҳаёт билан боғлаш, назарий билимларни реал муҳитда синаб кўриш, таълим жараёнини ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва ҳудудий ривожланиш эҳтиёжларига яқинлаштириш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Тошкент давлат иқтисодиёт университетида битирувчи талабалар учун ташкил этилган дуал таълим амалиёти тизимдаги янгича ёндашувнинг бир намунасидир. Университет талабалари ўзлари истиқомат қиладиган маҳаллаларга йўналтирилиб, ўқиш давомида ўзлаштирган фанлари доирасида ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини ўрганмоқда. Улар маҳалладаги мавжуд муаммоларни аниқлайди, сабабларини таҳлил қилади, тегишли ҳисоб-китоблар ва кузатувларга таяниб, уларни ҳал этишга қаратилган лойиҳа таклифларини ишлаб чиқади. Ушбу жараённинг энг муҳим жиҳати шундаки, талаба ўз билимини бевосита ўзи яшайдиган муҳитда қўллайди. Маҳалла эса унинг учун иқтисодий ва ижтимоий жараёнларни ўрганиш, мустақил фикрлаш ва тадқиқот олиб бориш майдонига айланади.
Кейинги йилларда дуал таълимни ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Ўзбекитсан Республикаси Президентнинг 2026 йил 29 сентябрдаги “Олий таълимда дуал таълим шаклида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазкур йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.
Фармонда 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб таълим йўналишлари ва соҳаларининг хусусиятларидан келиб чиқиб, дуал таълим тизими асосида амалиётлар ташкил этиш белгиланди. Бундай амалиётларни олти ойгача муддатга назарий таълимдан ажралган ҳолда ёки ҳафталик машғулотлар шаклида ташкил этиш имконияти назарда тутилган. Шунингдек, 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб “корхона – олийгоҳ – мақсадли кадр” тамойили асосида иш берувчиларнинг буюртмалари бўйича мутахассислар тайёрлаш тизими жорий этилади.
Маҳалла Ўзбекистон жамиятининг энг муҳим ижтимоий институтларидан бири ҳисобланади. Аҳолининг кундалик ҳаёти, оилавий даромадлари, бандлик ҳолати, тадбиркорлик ташаббуслари, ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари ва кўплаб бошқа жараёнлар айнан маҳаллада намоён бўлади. Бир ҳудудда тадбиркорлик фаолияти ривожланаётган бўлса, бошқа бир маҳаллада кичик бизнесни йўлга қўйиш учун инфратузилма етишмаслик эҳтимоли мавжуд. Айрим жойларда ёшлар бандлиги долзарб масала бўлиб турса, бошқа ҳудудларда оилавий тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш, савдо, ички туризм ёки коммунал инфратузилма билан боғлиқ муаммолар кўпроқ учрайди.
Шу жиҳатдан қараганда, талабаларнинг ўзлари яшайдиган маҳаллаларда амалиёт ўташи жуда ўринлидир. Талаба ҳудудни ташқаридан келган кузатувчи сифатида эмас, балки маҳаллий шароитни тушунадиган ёш тадқиқотчи сифатида ўрганади.
Бунда асосий талаб – ҳар бир лойиҳа иши умумий мулоҳазалар ёки тавсифий маълумотлар билан чекланиб қолмаслиги назарда тутилади Талаба муаммони аниқлаши, унинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиши, мавжуд маълумотларни таҳлил қилиши ва амалий жиҳатдан бажарилиши мумкин бўлган таклифларни асослаб бериши лозим.
Тошкент давлат иқтисодиёт университетида йўлга қўйилган амалиёт механизми аниқ ташкилий босқичлар асосида амалга оширилмоқда. Аввало, битирувчи курс талабалари ўзлари истиқомат қиладиган маҳаллаларга бириктирилади. Меҳнат фаолиятини олиб бораётган талабалар эса тегишли ташкилот ва корхоналарда амалиётини давом эттиради. Ҳар бир талабага университет профессор-ўқитувчилари орасидан раҳбар тайинланади.
Амалиёт жараёнининг бориши, талабаларнинг кундалик фаолияти ва ўрганиш натижалари мунтазам назорат қилиб борилади. Кейинги муҳим босқич фанлар билан амалиёт ўртасидаги боғлиқликни таъминлашдир. Шу тариқа, талаба ҳар бир фан бўйича ўзлаштирган назарий билимини реал муаммо билан боғлайди. Фан ўқитувчиси эса унга илмий-услубий раҳбарлик қилиб, тадқиқотнинг тўғри йўналишда олиб борилишини таъминлайди.
Ушбу ташаббуснинг энг эътиборга молик жиҳатларидан бири Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ташкил этилган “Ақл маркази” фаолияти билан боғлиқ. Талаба маҳаллада ўрганилган муаммолар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва ечимига доир таклиф ва хулосаларни университетнинг “Ақл маркази” ишчи гуруҳига тақдим этади. Марказ ушбу материалларни кўриб чиқиб, уларнинг долзарблиги, асосланганлиги, амалга ошириш имконияти ва кутилаётган самарадорлигини баҳолайди. Сараланган таклифлар умумлаштирилиб, тегишли юқори турувчи давлат органларига кўриб чиқиш учун ғоя ва таклифлар сифатида киритилади.
Бугун маҳаллада муаммони ўрганаётган талаба эртага шу муаммонинг ечимига масъул бўлган мутахассис, тадбиркор ёки раҳбар бўлиб етишади. Унинг бугунги лойиҳаси келажакдаги бошқарув қарорларига асос бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Шу маънода, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида амалга оширилаётган мазкур ташаббус олий таълимнинг жамият ҳаётидаги ўрнини янада яққол намоён этади. Университет ўз илмий ва интеллектуал салоҳиятини ҳудудлар ривожига йўналтиради, талабалар эса ўрганган билимларини ҳаётий вазифаларни ҳал этишда қўллаш имкониятига эга бўлади.
Абдулҳамид Акбаров,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети
Андижон факультети доценти,
иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
ЎзА