Drift бўйича ўтказилган Марказий Осиё очиқ кубогидан фоторепортаж
Пойтахтимиздаги CAEx кўргазмалар марказида уч кун давомида ўтказилган тадбирлар мамлакатимиз автомобиль саноатидаги ютуқлар ва соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни намоён этди.
Мусобақа FIA халқаро спорт кодекси талаблари асосида ташкил этилди. Нуфузли тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан расмийлар иштирокчиларга омад, ёрқин ғалабалар ва юқори натижалар тилади. Шундан сўнг пилотлар паради ва кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.
Пойгаларда Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Латвия ва Япониядан келган спортчилар иштирок этди. Жами 28 та автомобиль баҳсларда қатнашди.
[gallery-29711]
Тадбир доирасида халқали трассаларда рақамли пойгалар (eSports GT3) бўйича Ўзбекистон чемпионатининг навбатдаги босқичи ҳам ўтказилди. Бу мусобақа томошабинлар ва соҳа мутахассисларида катта қизиқиш уйғотди.
Drift бўйича яккалик баҳсларида Андрей Челушкин (Уфа) ғолибликни қўлга киритди. Иккинчи ва учинчи ўринлар мос равишда Олег Хридочкин (Экибастуз) ҳамда Николас Бертанс (Рига)га насиб этди.
Жамоавий беллашувларда ҳам ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Шунингдек, мусобақалар давомида автомобилсозлик соҳасидаги сўнгги ютуқлар тақдимоти, автомобиллар кўргазмаси ҳамда турли кўнгилочар тадбирлар ташкил этилди.
Муҳаммад АМИН(сурат),ЎзА