Дўстлик ва бирдамлик – Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдевори
Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, бағрикенглик муҳитини янада кенг қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Турли миллат ва элат вакилларининг тинч-тотув яшаши, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Шу эзгу мақсадлар доирасида Хатирчи туманидаги “Умуммиллий бирдамлик” боғида 30 июль – Халқаро дўстлик куни муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди.
Жамиятда миллатлараро тотувлик, ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик ва дўстлик каби юксак қадриятларни кенг тарғиб қилиш, фуқаролар ўртасида бирлик ва бирдамлик муҳитини янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган тадбирда маданий-маърифий чиқишлар, миллий куй-қўшиқлар, бадиий композициялар ҳамда дўстлик ва бағрикенглик ғояларини тараннум этувчи саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Тадбир давомида сўзга чиққанлар мамлакатимизда барча миллат ва элат вакиллари учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратилгани, уларнинг миллий қадриятлари, тили ва маданиятини асраб-авайлашга қаратилаётган ишлар эътироф этилди. Таъкидланганидек, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, миллатлараро ҳурмат, бағрикенглик ва дўстлик туйғуларини шакллантиришда ана шундай маънавий-маърифий тадбирларнинг аҳамияти беқиёсдир. Зеро, тинчлик ва барқарорлик ҳукм сурган юртдагина тараққиёт, фаровонлик ва юксалиш таъминланади.

Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар марказида ҳам инсон манфаати, жамиятда ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш ғояси мужассам. Халқаро дўстлик кунига бағишланган мазкур тадбир ҳам ана шу эзгу мақсадларни рўёбга чиқариш, юртимизда тинчлик ва аҳиллик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири