Дўстлик, қардошлик ришталари мустаҳкамланмоқда
Бобур шаҳрида Андижонни “Туркий дунёнинг маданият пойтахти” деб эълон қилиниши доирасида ўтказилаётган халқаро тадбирлар очилишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков, халқаро Турксой Бош котиби Султон Раев, Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, ТУРКСОЙ ташкилотига аъзо давлатлардан ташриф буюрган мутасаддилар, санъаткорлар, меҳмонлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирок этган тадбир аввалида Маданият вазири Озодбек Назарбеков Президентимизнинг Андижон шаҳрининг “Туркий дунёнинг маданият пойтахти” деб эълон қилиниши доирасида ўтказилаётган халқаро тадбирлар иштирокчиларига табригини ўқиб эшиттирди.


Президент табригидаги: “Ҳеч шубҳасиз, Андижон шаҳрининг бундай юксак шарафга муносиб кўрилганини Ўзбекистоннинг бой тарихи, маданий-маънавий мероси, юртимизнинг туркий маданият ривожига қўшган бебаҳо ҳиссаси, мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг халқаро миқёсдаги яна бир эътирофи сифатида қабул қиламиз” деган сўзлари шубҳасиз, Андижонда, юртимизда олиб борилаётган ишларга берилган муносиб баҳодир.
Шундан сўнг ТУРКСОЙ Бош котиби Султон Раев сўз олиб, “Андижон – 2026 йилда туркий дунёнинг маданият пойтахти” доирасида ўтказилиши белгиланган тадбирлар ҳақида маълумотлар берди. Ана шу тадбирлар туркий давлатлар ўртасидаги маданий ҳамкорлик алоқаларини, қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.


Маълумки, Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ 1993 йил 12 июлда Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркия ва Туркманистон маданият вазирлари томонидан имзоланган келишув асосида таъсис этилган.
ТУРКСОЙ туркий халқлар ўртасида маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, жумладан, тил, адабиёт, мусиқа, театр, кино ва анъанавий санъат каби қатор йўналишларда умумий меросни асраб-авайлаш, тарғиб этиш ва келажак авлодларга етказиш мақсадида фаолият юритиб келаётган халқаро ташкилот ҳисобланади.
Йил давомида “Андижон – туркий давлатлар маданият пойтахти” лойиҳаси доирасида қатор йирик тадбирлар режалаштирилган. Жумладан, TURKSOY Ёзувчилар уюшмаси йиғилиши, IV халқаро театр фестивали, Туркий дунё музейлари учрашуви, ташкилотга аъзо давлатлар Маданият вазирликлари масъуллари иштирокидаги Экспертлар йиғилиши ва ТУРКСОЙ Доимий кенгашининг 43- йиғилиши ўтказилиши белгиланган.
Жумладан, Андижон вилояти ҳокимлиги ташаббуси ҳамда халқаро ТУРКСОЙ ташкилоти, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг қўллаб-қувватлаши билан “Андижон полкаси” рақсининг бир вақтнинг ўзида 20 минг нафар киши иштирокида ижро этилишини “Гиннеснинг рекордлар китоби”га киритилиши, рақсни кенг тарғиб этишга қаратилган маданий тадбир ана шу йўналишдаги муҳим тадбирлардан бири бўлди.


Тадбирда “Андижон полкаси”ни оммавий тарзда ижро этилиш жараёнларини бевосита кузатган Гиннес рекордлари ташкилотининг расмий вакили – Ginness World Rekords доирасида халқаро рекорд ташаббусларини текшириш ва якуний баҳолаш бўйича эксперт Шейда Гемичи томонидан рақс ижроси жаҳон рекорди сифатида расман қайд этилганлигини таъкидлаб, рақс “Гиннеснинг рекордлар китоби”га киритилганлигини тасдиқловчи махсус сертификатни Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновга топширди.
Тадбирда мамлакатимиз, шунингдек, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ҳамда Туркманистоннинг машҳур хонанда ва санъаткорлари, бадиий ансамбллари иштирокида туркий халқларнинг бой маданий меросини ўзида мужассам этган концерт дастури намойиш этилди.


– Маданий, ижодий алоқалар халқларни, давлатларни бир-бирига яқинлаштирадиган энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади, – дейди тадбир иштирокчиси Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилояти бўлими раҳбари Хуршида Ваҳобжон қизи. – Шу маънода ўтказилаётган тадбирлар, умуман, халқаро ТУРКСОЙ ташкилоти фаолияти туркий халқларни бир-бирига янада яқинлаштиришга хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда, “Андижон – 2026 йилда туркий дунёнинг маданият пойтахти” мақоми доирасида йил давомида мамлакатимиз ва қардош юртларда ўтказиладиган фестиваль, анжуман, бадиий кеча ва ижодий учрашувлар, маданий тадбирлар ҳаётимизда чуқур из қолдирадиган, дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини янада мустаҳкамлайдиган, ёш авлод учун кенг имкониятлар очадиган унутилмас воқеа бўлиб қолади.
Нигора Раҳмонова,
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари