Анжуман мақом санъати анъаналарига бағишланди
Сўнгги йилларда мамлакатимизда мақом санъати нуфузини миллий ва халқаро миқёсда янги босқичга кўтариш маданият соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Мақом ижрочилиги асносида унинг назарий, тарихий ва фалсафий асослари ҳам чуқур ўрганилмоқда.
Наманган шаҳридаги “Маърифат маскани”да учинчи халқаро мақом санъати фестивали доирасида “Шарқ мақомотининг янги тенденциялари: анъана ва инновациялар уйғунлиги” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Мазкур нуфузли анжуман шарқона мақом анъаналарини замонавий илмий ёндашувлар асосида ўрганиш, мақом, муғом, мақам, дастгоҳ ва муқом сингари турдош мусиқа тизимларининг тарихи, назарияси ҳамда ижрочилик анъаналарини таҳлил қилиш, мақом санъатида анъана ва инновациялар уйғунлигини муҳокама қилишга бағишланди.

Конференциянинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков, Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов мазкур халқаро анжуманнинг миллий маданий меросимизни юксалтиришдаги аҳамияти беқиёс эканлигини таъкидлади.


Дарҳақиқат, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “ЮНЕСКО” жамғармаси томонидан Инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган мақом оддий мусиқа эмас, балки миллат хотираси, халқ қалби ва асрлар оша янграб келаётган маънавий овоздир.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда мақом санъати нуфузини миллий ва халқаро миқёсда янги босқичга кўтариш маданият соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Мақом ижрочилиги асносида унинг назарий, тарихий ва фалсафий асослари ҳам чуқур ўрганилмоқда.


Ушбу нуфузли анжуманда дунёнинг олтмишга яқин давлатларидан юзга яқин таниқли санъатшунос ва мақомшунос олимлар, педагоглар, ижрочилар ва ёш тадқиқотчилар қатнашиб, шарқона мақомнинг бугунги ривожланиш жараёнлари, илмий-назарий масалалари, таълим тизимидаги ўрни ҳамда анъана ва инновациялар уйғунлигини муҳокама қилишди. Шунингдек, мақомнинг кўп асрлик тарихи, унинг замонавий тенденциялари ҳамда келажак тараққиёт истиқболлари юзасидан фикр-мулоҳазалар ва таклифлар билдирилди.


Форумнинг фахрий меҳмонлари сифатида “АЙСEСКО” бош директори доктор Салим Муҳаммад Ал-Малик, “ЮНEСКО” ижроия кенгаши раиси Носир Ҳамад Ҳинзаб, Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Кубаничбек Омуралиев, “ТУРКСОЙ” бош котиби Султан Раев ҳамда Туркий маданият ва мерос фонди президенти Актоти Раимқулова иштирок этди.

Тадбир доирасида мақом санъатини асраб-авайлаш, уни чуқур илмий тадқиқ қилиш, таълим тизимига самарали интеграция қилиш ҳамда миллий мусиқий меросни халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш масалаларига бағишланган қатор муҳим маърузалар тингланди. Қолаверса, хорижий ва маҳаллий олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган учрашувлар ўтказилиб, улар ўртасида ўзаро меморандумлар имзоланди.


– Мамлакатимизда миллий мақом санъатига алоҳида эътибор қаратилаётгани натижасида у илмий жиҳатдан янги босқичга кўтарилди. Соҳани ривожлантириш мақсадида тадқиқотларга кенг йўл очилди. Учинчи халқаро мақом фестивали доирасида уюштирилган илмий-амалий анжуманда буюк бобомиз, тиб илми асосчиси Абу Али Ибн Сино ва ўрта асрлар мусиқий тафаккури мавзуига бағишланган маърузам катта қизиқиш билан тингланди, – дейди Ўзбекистон Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институти илмий бўлим мудири, санъатшунослик фанлари бўйич фалсафа доктори Ҳумоюн Ҳайдаров. – Аллома ўз даврида илм-фан марказлари ҳисобланган Бухоро, Гурганч ва Рай каби шаҳарларда яшаб, фаолият юритган. Шу боисдан у ёшлигидан тиббиёт, математика ва фалсафадан ташқари мусиқага ҳам жиддий қизиққан. Гарчи манбаларда унга ким мусиқа сабоғини бергани ёзилмаган бўлса-да, Ибн Сино Фаробий, ал-Хоразмий, антик давр файласуфлари Аристотел ва Птолемейнинг илмий меросини чуқур ўрганиб, ўз йўналишини яратди. Бу ҳолат Шарқ ҳамда Ғарб маданияти мусиқа таълимида қанчалик узвий боғланганини исботловчи муҳим далилдир.


Анжуманда хорижий давлатлар олий таълим муассасалари ва маданият ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, ўзаро меморандумлар имзолаш ҳамда янги маданий ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Анжуман шуъба йиғилишларида давом эттирилиб, унда мақом санъатининг долзарб масалаларига илмий жиҳатдан ёндашилди.
Мазкур халқаро конференция миллий мақом санъатини янада ривожлантириш, унинг бетакрор меросини ёш авлодга етказиш ҳамда Ўзбекистоннинг бой маданий салоҳиятини халқаро майдонда янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири