“Дўстлик фестивали” барчани бирлаштирди
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган олий таълим муассасалари вакилларини бирлаштирган “Дўстлик фестивали” тантанали равишда бошланди.
Тадбир доирасида олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, тажриба алмашиш ҳамда ёшлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор тадбирлар ўтказилиши белгиланган. Унда Тошкент шаҳри ҳамда мамлакатимиз вилоятларидаги олий таълим муассасалари ректорлари бошчилигидаги делегациялар Нукус темир йўл вокзалида тантанали равишда кутиб олинди.
Тадбир давомида меҳмонлар учун Оролбўйи гастрономик маданиятини акс эттирувчи ноёб таомлар кўргазмаси ташкил этилди. Айниқса, Орол балиқларидан тайёрланган 99 турдаги миллий ва замонавий таомлар намойиши иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Меҳмонлар кўргазмадан ўрин олган таомлар билан яқиндан танишиб, уларнинг ўзига хос таъмини ҳам баҳоладилар.
Фестивалнинг расмий очилиш маросимида филиал директорининг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи ўринбосари Х.Абдижалиев, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ректори И.Тўхтасинов ҳамда бошқа нуфузли меҳмонлар сўз олиб, мазкур тадбирнинг ёшлар ўртасида дўстлик, ҳамкорлик ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашдаги аҳамиятига тўхталишди ва иштирокчиларини ушбу тадбирнинг бошланиши билан самимий қутлади.
Тадбирнинг бадиий қисми ҳам иштирокчиларга унутилмас таассуротлар улашди. Концерт дастури давомида миллий ва замонавий куй-қўшиқлар янграб, истеъдодли санъаткорларнинг чиқишлари йиғилганларга байрамона кайфият бағишлади.
Турли ҳудудлардан ташриф буюрган меҳмонлар ва ёшларнинг самимий мулоқотлари эса фестивалнинг бош ғояси — дўстлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат тамойилларининг амалий ифодасига айланди.
“Дўстлик фестивали”нинг илк куни юқори савияда ташкил этилиб, унинг кейинги тадбирлари ҳам мазмунли ва таассуротларга бой ўтишига мустаҳкам замин яратди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.