Дорихоналардаги турлича нархлар: сабаб ва ечимлар қандай?
Иссиқ жон. Ҳар замонда иситмалабми, оғрибми қоламиз, иложи йўқ. Ана шундай вазиятга тушган бир маҳалимда амаллаб яқиндаги дорихонага бордим. Ёнма-ён иккита дорихона. Бирига кириб, керакли дори воситаларини олдим, фақат биттаси йўқ экан. Кейинги дорихонага киришга мажбур бўлдим. У ерда ҳалиги олган дориларимнинг айримлари анча арзонроқ нархда турган экан.
Ҳайрон бўлдим. Бир жойдаги икки дорихонада бир хил дори икки хил нархда. Бунинг сабаби билан қизиқсам, сотувчи “биздаги ўзимизда ишлаб чиқарилган, сиз олганингиз Германия ёки Россияники бўлса керак”, деб қўлимдагиларни олиб, синчиклаб қаради. “Ҳа, мана, бу Россияники экан, шунинг учун қимматроқ”, деди.
Бу кўпчиликка таниш манзара бўлса керак. Ҳақиқатан ҳам кўп ҳолларда четдан кириб келган дори воситалари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган худди ўша номдаги дори воситаларидан қимматроқ юради. Балки шундай бўлиши ҳам керакдир. Йўл харажатлари, солиқ тўловлари дегандай...
Аммо одамлар ҳам арзон, ҳам сифатли дори воситаларини хоҳлайди, албатта. Бу борада мамлакатимизда муайян чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Масалан, дори-дармон воситалари учун бюджетдан ажратиладиган маблағлар йилдан-йилга сезиларли равишда ошириб борилмоқда. Хусусан, 2017 йилда дори воситалари ва тиббий бюмлар учун Давлат бюджетидан 0,4 триллион сўм маблағ ажратилган бўлса, 2020 йилда 1,4 триллион сўм йўналтирилган.
Дори-дармон воситаларини ишлаб чиқариш соҳасида ҳам қатор саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётгани натижасида Ўзбекистоннинг фармацевтика бозоридаги ўсиш динамикаси йилига 8-10 фоизни ташкил этмоқда. Маълумотларга кўра, мамлакатимиз фармацевтика бозори МДҲда Россия ва Украинадан кейинги учинчи йирик бозорга айланди. 2021 йил якунига кўра, Ўзбекистон фармацевтика бозорида 9 минг турдаги дори воситалари, 1 минг 684 турдаги тиббий буюмлар ва 1 минг 529 турдаги тиббий техника маҳсулотлари ишлаб чиқарилган.
Ушбу йўналишдаги юқори кўрсаткич ва натижаларда вилоятларда ташкил этилган бир қатор эркин иқтисодий зоналари ҳам муҳим ўрин тутади. Масалан, “Зомин-фарм”, “Косонсой-фарм”, “Сирдарё-фарм”, “Бўстонлиқ-фарм” ва “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зоналари ташкил этилгани шулар жумласидандир.
Шу ўринда алоҳида қайд этиш лозимки, келгуси 5 йиллик дастуриламал ҳужжат — 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида тиббиёт ва дори воситалари соҳасида бир қатор мақсад-вазифалар белгилаб олинди. Хусусан, Тараққиёт стратегиясига кўра, мамлакатда ишлаб чиқариладиган дори-дармон ва тиббиёт воситаларининг улуши 80 фоизга етказилади.
Шунингдек, импорт маҳсулотлар ҳажмини ва таркибини оптималлаштириш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш масалалари ўз ифодасини топган. Ушбу чора-тадбирлар дори-дармон ишлаб чиқарувчи маҳаллий тадбиркорларга янада рағбат бўлади, юртимиз дорихоналаридаги дори-дармон воситаларининг нарх-навосини меъёрлаштиришга, бир хиллаштиришга замин яратади.
Бундан ташқари, Тараққиёт стратегиясида замонавий фармацевтика кластерлари ҳамда зоналарини ташкил этиш ва мавжудларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқиш борасида белгиланган вазифалар соҳадаги муаммоларни бартараф этишда муҳим ўрин тутади.
Жумладан, 2022-2026 йилларда Наманган, Фарғона, Сирдарё, Қашқадарё, Навоий, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида тиббиёт кластерлари ва республика миқёсида тиббий асбоб-ускуналарга техник хизмат кўрсатиш бўйича алоҳида корхона ва унинг 13 та ҳудудий бўлимлари ташкил этилади.
Инсон яшар экан, унинг саломатлигида юз берадиган турли ўзгаришлар, таъбир жоиз бўлса, соғлиғимизга таҳдидлар, ўз навбатида, дори-дармонларга эҳтиёжни юзага келтиради. Айниқса, сўнгги пайтларда пайдо бўлаётган турли хасталик ва вируслар одамларнинг сифатли ва арзон дори-дармон воситаларига бўлган талаби ҳар қачонгидан-да ортишига сабаб бўлаётир.
Шундай экан, Тараққиёт стратегиясида ушбу йўналишда белгилаб олинган кенг ислоҳотлар соҳа ривожини таъминлаш баробарида инсон омилига, барчамизнинг саломатлигимизга хизмат қилажак.
Муҳтарама Комилова, ЎзА