Дори воситасининг амалдаги чегаравий нархини PharmUz мобил иловаси орқали текшириш мумкин
Контент тайёрлаш марказида ўтказилган брифингда Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Анвархон Акабиров дори воситалари нархларини тартибга солиш ва аҳолини дори воситалари билан барқарор таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди:
– Аҳолини сифатли, хавфсиз ва мақбул нархлардаги дори воситалари билан таъминлаш, шунингдек, дори воситалари нархларининг асоссиз, сунъий ошиб кетишининг олдини олиш Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг муҳим фаолият йўналишларидан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 декабрдаги тегишли қарорига мувофиқ, 2025 йил 1 апрелдан бошлаб рецепт билан бериладиган маҳаллий ва хорижий дори воситаларига нисбатан референт нарх шакллантириш тизими жорий этилган.
Мазкур тизимнинг асосий мақсади рецепт билан бериладиган дори воситалари нархларини тартибга солиш, уларнинг аҳолига мақбул нархларда етказиб берилишини таъминлаш ҳамда дори воситалари нархларининг асоссиз оширилишининг олдини олишдан иборат.
Тизим ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2025 йил 10 декабрдаги тегишли буйруғи билан «Референт нарх шакллантириш тизими доирасида рецепт билан бериладиган дори воситалари нархларини қайд этиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланган ҳамда мазкур низом 2025 йил 25 декабрда давлат рўйхатидан ўтказилган.
Айнан мазкур низом талаблари асосида рецепт билан бериладиган дори воситаларининг референт нархлари шакллантирилади ва тегишли тартибда қайд этилади.
2026 йил давомида аҳоли учун дори воситалари нархларининг мақбуллигини таъминлаш мақсадида референт нархлар мунтазам равишда қайта кўриб чиқилмоқда.
Жумладан, 2026 йил 1 мартдан қарийб 2 минг турдаги ва 1 июлдан қарийб 2 минг 500 турдаги дори дори воситасининг референт нархлари қайта шакллантирилиб, пасайтирилган нархлар қўлланила бошланди.
2026 йил 1 сентябрда яна 2 минг турдаги рецепт билан бериладиган дори воситасининг референт нархлари қайта кўриб чиқилди. Мазкур дори воситалари бўйича янгиланган чакана нархлар 2026 йил 1 декабрдан амалиётга жорий этилади.
Шундай қилиб, 2026 йилнинг ўзида қарийб 6 минг 500 турдаги дори воситасининг нархлари қайта кўриб чиқилди. Мазкур дори воситаларининг қарийб 1 минг 500 тури маҳаллий фармацевтика корхоналари томонидан ишлаб чиқариладиган дори воситаларига тўғри келади.
Бу ишлар натижасида дори воситалари нархларини бозор ва референт мамлакатлардаги кўрсаткичлардан келиб чиқиб қайта баҳолаш, аҳолига янада мақбул нархларда дори воситаларини харид қилиш имкониятини кенгайтириш ҳамда нархларни тартибга солиш механизмларини такомиллаштиришга эришилмоқда.
Алоҳида таъкидлаш лозимки, Агентлик томонидан белгиланган чегаравий чакана нарх — дори воситасини чакана реализация қилиш мумкин бўлган максимал нарх ҳисобланади.
Яъни, тадбиркорлик субъектлари дори воситаларини белгиланган чегаравий нархда ёки ундан пастроқ нархда сотишлари мумкин. Бироқ дори воситаларини белгиланган чегаравий чакана нархдан юқори нархда реализация қилишга йўл қўйилмайди.
Шу сабабли фуқаролардан дори воситасини харид қилиш вақтида фискал чекни олиш ва сақлаб қўйиш, шунингдек, дори воситасининг амалдаги чегаравий нархини PharmUz мобил иловаси орқали текшириш сўралади.
Агар дори воситаси белгиланган чегаравий чакана нархдан юқори нархда реализация қилинганлиги аниқланса, фуқаро харидни тасдиқловчи фискал чек асосида ёки PharmUz мобил иловаси орқали ваколатли давлат органларига мурожаат қилиши мумкин.
Дори воситалари нархларини тартибга солиш билан бир қаторда, аҳолини дори воситалари билан узлуксиз таъминлаш ва улар танқислигининг олдини олиш бўйича ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан дори воситаларининг республика бозоридаги мавжудлиги доимий мониторинг қилиб борилади.
Бунда, жумладан, дори воситаларини сертификатлаштириш базасидаги маълумотлар, Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси томонидан тақдим этиладиган импорт маълумотлари, шунингдек, дори воситаларининг республика бозоридаги мавжудлиги ва айланмаси таҳлил қилинади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, дори воситасининг республика ҳудудида мавжудлиги ва унинг танқислиги фақат муайян савдо номи бўйича баҳоланмайди.
Айрим ҳолларда маълум бир савдо номига эга дори воситасининг республика ҳудудида мавжудлиги камайиши ёки вақтинчалик етишмовчилиги юзага келиши мумкин. Бундай ҳолатда дори воситасининг танқислигини баҳолашда унинг халқаро патентланмаган номи (ХПН), дори шакли ва дозаси ҳам инобатга олинади.
Агар бозорда айни халқаро патентланмаган номга, бир хил дори шаклига ва бир хил дозага эга бошқа дори воситаси мавжуд бўлса, муайян савдо номидаги дори воситасининг мавжуд эмаслиги автоматик равишда ушбу дори воситаси бўйича бозорда танқислик юзага келганини англатмайди.
Яъни, муайян савдо номидаги препаратнинг ўрнини босувчи, бир хил Халқаро патентланмаган номи, дори шакли ва дозага эга бошқа дори воситаси республика бозорида мавжуд бўлса, тегишли фаол моддага эга дори воситасининг бозордаги мавжудлиги таъминланган деб баҳоланади.
Шу сабабли дори воситалари танқислигини мониторинг қилишда нафақат алоҳида савдо номлари, балки Халқаро патентланмаган номи, дори шакли ва дозаси бўйича бозордаги муқобил дори воситаларининг “яъни аналогларининг” мавжудлиги ҳам комплекс равишда ўрганилади.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2026 йил 9 январда давлат рўйхатидан ўтказилган буйруғи билан «Ўзбекистон Республикасида вақтинчалик танқислиги юзага келган дори воситалари ва тиббий жиҳозларни давлат рўйхатидан ўтказмасдан мажбурий сертификатлаштириш шарти билан тиббиёт амалиётида қўллаш ва олиб киришга рухсат бериш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланган.
Мазкур низомга мувофиқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида тегишли ишчи гуруҳ фаолияти йўлга қўйилган.
Ишчи гуруҳ томонидан вақтинчалик танқис деб топилган дори воситаларини белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказмасдан, мажбурий сертификатлаштириш шарти билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш имконияти назарда тутилган.
Ушбу механизм, аввало, аҳоли учун зарур бўлган дори воситаларининг вақтинчалик танқислиги юзага келган ҳолатларда уларни қисқа муддатларда республика бозорига етказиб бериш имкониятини яратишга қаратилган.
Дори воситалари бозоридаги ҳолатини мониторинг қилишда аҳолининг мурожаатлари ҳам муҳим манбалардан бири ҳисобланади. Шу мақсадда PharmUz мобил иловаси орқали фуқароларнинг дори воситалари нархлари, мавжудлиги ва бошқа масалалар юзасидан мурожаатлари ҳам қабул қилиниб, доимий равишда ўрганиб чиқилмоқда.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА