Дори-дармон воситаларининг сифати доимий назоратда (+видео)
Инсон саломатлиги муҳофазаси бугун юртимизда қай даражада? Дорихоналар етарли даражада назорат қилиняптими? Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ходимлари билан ҳамкорликда ушбу масалага ойдинлик киритишга ҳаракат қиламиз.
Бугунги кунда мамлакатимизда қарийб 14 мингта дорихона аҳолини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаб келмоқда. Уларнинг фаолиятида қонунчилик талабларига қатъий риоя этилиши, аҳолига сифатли, хавфсиз ва самарали дори воситалари етказиб берилиши энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Хўш, мазкур талабларга қай даражада амал қилинмоқда?
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази томонидан дорихоналар фаолияти устидан давлат назорати мунтазам равишда амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида республика ҳудудларида ўтказилган 634 та назорат тадбири давомида қатор қонунбузарлик ҳолатлари аниқланиб, таъсир чоралари кўрилди.
- Ҳозирги кунда 74 та дорихона ва фармацевтика фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларининг лицензияси тўхтатилди, - дейди Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази бошқарма бошлиғи Дониёрбек Мансурбеков. – 33 тасининг лицензияси суд томонидан бекор қилинди ва 64 таси суд жараёнида. Ўтказилган назорат тадбирларининг 254 таси рецепт асосида реализация қилинадиган дори воситаларини рецептсиз сотиш тартибини бузиш ҳолати бўйича баённомалар расмийлаштирилган. Назорат тадбирларидан мақсад беморларнинг қўлига дориларни сифатли ва арзон, ҳамёнбоп нархларда етказиш. Юртдошларимизнинг саломатлигини муҳофаза қилиш.
Назорат тадбирлари натижаларига кўра, 241 та ҳолатда дори воситаларининг шифокор рецептисиз реализация қилиш, 10 та ҳолатда эса сифатсиз маҳсулотларни сақлаш, ташиш ва муомалага чиқариш билан боғлиқ қонунбузарликлар аниқланди. Мазкур ҳолатлар юзасидан айбдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилди.
- Дорихоналарда назорат тадбирларини ўтказишдан мақсад уларнинг лицензия талаблари асосида фаолият юритаётганлиги ҳамда дори воситалари ва тиббиёт буюмларни тасдиқланган таъминотчилардан харид қилаётгани, дориларни сақлаш шароитлари, дорихона сотувчиларининг малакаси мунтазам ошириб борилаётгани, дори воситасини харидорга етказиб берилиши, рецепт бўйича сотилиши ва бошқа талабларга риоя этилишини назорат қилишдан иборат, - дейди Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази бош мутахассиси Ҳусниддин Анваров.
Жорий йилнинг олти ойи давомида ҳудудларда 50 дан ортиқ профилактик тадбир ўтказилиб, 4 минг нафардан зиёд фармацевтика соҳаси вакиллари қамраб олинди. Уларда амалдаги қонунчилик талаблари, амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда янгиланган тартиб-таомиллар юзасидан атрофлича тушунтиришлар берилди.
<iframe width="1335" height="751" src="https://www.youtube.com/embed/YoXsYncKixU" title="Dori-darmon vositalarining sifati doimiy nazoratda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА