Долзарб вазифалар белгиланди
“Nurashfon city” ҳудудида Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев раҳбарлигида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари ҳамда иқтисодий ислоҳотлар ижросига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда шаҳар ва туман ҳокимлари, вилоятнинг тегишли бошқарма ва ташкилотлари раҳбарлари, соҳаларга масъул мутасаддилар иштирок этди. Президентимизнинг 2026 йил 5 майдаги “Тошкент вилоятини 2026 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси муҳокама марказида бўлди.

Хусусан, ҳудудларда амалга оширилаётган қурилиш ва бунёдкорлик ишларининг сифати, белгиланган муддатларга риоя этилиши, янги турар-жой массивлари, ижтимоий соҳа объектлари, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаларини жадал барпо этиш масалалари танқидий-таҳлилий руҳда кўриб чиқилди.

Шунингдек, аҳолини ичимлик суви, электр энергияси ва табиий газ билан узлуксиз таъминлаш, коммунал хизматлар сифатини яхшилаш, ҳудудларда ободонлаштириш ишларини тизимли ташкил этиш бўйича мутасаддиларнинг ҳисоботлари эшитилди.

Йиғилишда инвестиция муҳитини янада яхшилаш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларини кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Вилоят раҳбари томонидан ҳар бир ҳудудда ижро интизомини кучайтириш, белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, масъул раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.

Йиғилиш якунида соҳалар бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилиниб, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш ҳамда келгусидаги устувор вазифалар белгилаб олинди.
А. Мусаев, ЎзА