Ўзбекистон ва Индонезияни боғлаган маърифат кўприги
Бугун пойтахтимиздаги Халқаро исломшунослик академиясида “Ўзбекистон – Индонезия тажриба алмашинув дастури” доирасида илмий-амалий анжуман ташкил этилди. Унда икки давлат ўртасидаги маърифий яқинлик, жамоавий ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Президент Администрациясининг Диний-маърифий масалалар бўйича департаменти раҳбари Музаффар Камилов, Маҳаллалар уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуранбоев, Индонезиянинг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сити Рухайни Жуҳайатин, экспертлар, тадқиқотчилар ҳамда талабалар иштирок этди.
[gallery-29518]
Йиғин давомида иштирокчилар маҳалла ва кампунг тизимларининг тинч муҳитни сақлаш, аҳилликни кучайтириш, турли қарашлар ўртасида ўзаро ҳурматни қарор топтиришдаги ўрни ҳақида фикрлар билдиришди. Дастурдан миллий либослар намойиши, анъанавий таомлар кўргазмаси ҳам ўрин олди. Академия талабалари ижросидаги қўшиқ ва рақслар меҳмонларда илиқ таассурот уйғотди.
Анжуман якунида Халқаро исломшунослик академияси ҳамда Индонезиянинг Сунан Калижа давлат ислом университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Шунингдек, хорижлик вакиллар Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, ўлкамиздаги маънавий мерос ва ислоҳотлар билан яқиндан танишди.
Умуман олганда, мазкур ташаббус икки мамлакат ўртасидаги илмий, маданий ва таълим йўналишидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди, дейиш мумкин.
Мусулмон Зиё,
Отабек Мирсагатов (фото),
ЎзА