Долзарб ойлик тизимли ўтказилмоқда
Бўстонлиқ туманидаги “Чимбойлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида зарарли чигирткага қарши кураш тадбирини самарали олиб бориш мавзусига бағишланган дала семинари ўтказилди.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ташаббуси билан ташкил этилган амалий тадбирда Тошкент вилояти чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизмати бошлиғи Бахтиёр Олтинбеков йиғилганларга ўз вақтида кимёвий кураш тадбирларини олиб боришнинг аҳамияти, мурожаатларни тезкор бартараф этиш, самараси юқори препаратлардан фойдаланиш бўйича республикада амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Масъуллар, томорқа эгалари, чорвачилик хўжаликлари мутахассислари иштирок этаётган дала семинарида зарарли чигирткалар тарқалган ҳудудларни аниқланган тақдирда кўриладиган чора-тадбирлар тушунтириб берилди. Қайд этилишича, Тошкент вилояти бўйича жорий йил 25 минг 460 гектарда зарарли чигиртка тарқалиши тахмин қилинган. Ҳудудда курашиш тадбирлари апрель ойининг илк кунларидан бошлаб олиб борилмоқда.

Зарарли чигирткалар 2-3 ёшда бўлиб, Бўстонлиқ, Қибрай, Оҳангарон, Пискент, Бўка, Бекобод, Оққўрғон, Чиноз, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманларида аниқланган. Қарши кураш тадбирларини самарали олиб бориш учун учта отряд ташкил этилиб, уларга учта пуркагичли махсус автомашиналар, 23 та трактор (ОВХ,ВП-1) пуркагичлар, 10 та моторли қўл пуркагичлар бириктирилган. Бундан ташқари, 50 нафар жойлардаги ишчи-ходим жалб қилинган.

Бугунги кунда барча вилоятларда Чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизматлари зарарли чигирткаларни ўчоқларини аниқлаш бўйича доимий кузатув-назорат тадбирлари олиб борилмоқда. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директори Иброҳим Эргашев ҳудудий чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизмати раҳбарлари билан ўтказган тезкор йиғилишда ҳам жорий йилда чигиртка сони ўтган йилгига қараганда кўплиги таъкидланган эди. Шу сабабли “ўчоқлар” аниқланган ҳудудларга кучларни сафарбар этиш, зарурий техника билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Хусусан, Тошкент вилоятида тўда ҳосил қилмайдиган чигирткалар ҳам назоратга олинган бўлиб, жорий йилда уларнинг ҳам сони сезиларли даражада ошгани қайд этилди. Шу сабабли ҳудудда огоҳлик уч ой давом этади.
А.Мусаев, ЎзА