Долзарб мавзудаги илмий тадқиқот
Мамлакатимизда сўнгги йилларда таълим жараёнининг сифати ва самарасини янги босқичга кўтариш борасида изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Бу юртимизда шу йўналишни ривожланган давлатлардаги таълим тизими даражасига етказиш мақсади билан боғлиқ. Таълим тизими тараққий этган мамлакатлардаги илғор тажрибаларни ўзлаштириш ва ҳамкорлик масалаларини жадаллаштириш давр тақозосидир.
Таълим жараёнида ўқувчиларни асосан имтиҳонга тайёрлашга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ эмаслигини даврнинг ўзи кўрсатмоқда. Аслида илм-фан, таълим, ишлаб чиқариш ва интеграциянинг уйғунлигида ҳикмат кўп. Назарий маълумот ва амалий машғулотнинг уйғун тарзда олиб борилиши муҳим аҳамиятга эга. Бу эса дуал таълим тизимининг моҳиятини акс эттиради.
Бу таълим турининг аҳамияти шундаки, унда назарий қисм таълим муассасасида, амалий қисм эса корхонада ўтказилади. Бу Германия профессионал таълим тизимида кенг қўлланилади. Таълим муассасаси битирувчиларининг иш жараёнига, касбий фаолиятга тайёр ҳолда боришида бу муҳим рол ўйнайди. Айни пайтда мутахассисларнинг тажрибаси, кўникмаси ва малакасини оширишга катта ҳисса қўшади. Бу йўналишдаги илмий тадқиқот ва монографиялар айни кунларда зарур.
Куни кеча муваффақиятли ҳимоя этилган Рўзимурат Чориевнинг "Касб таълими мутахассисларини Дуал тизими асосида касбий фаолиятга тайёрлаш методикасини такомиллаштириш" мавзуси бўйича докторлик диссертацияси (DSc) худди шу бўшлиқни тўлдиришга хизмат қилиши билан эътиборга молик. Диссертация ўзининг долзарблиги, янгилиги, фактик маълумотларга бойлиги ҳамда илмий жиҳатдан теранлиги билан характерланади.
Диссертация айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги «Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш борасида Вазирлар Маҳкамаси қарорига ижобий ва ижодий жавоб ҳам бўлган десак, муболаға бўлмайди.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти