Дизайнчи эди, тадбиркорга айланди (+видео)
Бешариқнинг табиий иқлими одамларни топқирликка ўргатган. Қайси соҳани қараманг, иқтидорли ёшлар ўз бизнесида муваффақиятга эришганини кўрасиз.
“Шервуд Дизайн” лойиҳачиси Шерзод Эркабоев сўнгги йилларда дизайнчиликдан нафақат Бешариқ, балки Фарғона вилоятининг таниқли тадбиркорига айланди. Ҳозир у асос солган корхонада тикувчилик, металсозлик, ёғочсозлик, қурилиш индустрияси каби тармоқлар мавжуд. 2022 йилда 35 та аёлларни жалб қилиш орқали бошланган иш, бугун 150 нафар аёллар меҳнат қилаётган тикувчилик корхонасига айланди.

–Қизларимиз Бешариқ туманининг турли қишлоқларидан келган. Уларнинг кўпчилиги “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” да турган эди. Оилавий шароити оғир бўлган, - дейди гуруҳ устаси Назирахон Сиддиқова. –Лекин ҳозир улар қўли гул тикувчига айланган. Ишларимиз сифати юқори. Шунинг учун Туркия, Россияга экспорт қилинмоқда.
Дунё тўқимачилик бозорининг бирламчи талаби – сифат. Бу имтиҳондан ўтиш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Бешариқлик тикувчи аёллардаги иқтидор, касбга садоқат туфайли ўзбек пахтасидан тўқилиб “Шервуд Дизайн”да тикилган кийимлар юқори сифатли экани тан олинди.

Метални қайта ишлаш яқин-яқингача эътибордан четроқда бўлган. Сабаби товар-хом ашё четдан, валютага келтирилар эди. Энди эса юртимиз тадбиркорлари нафақат метал жиҳозларни тайёрлаш, балки метал профил, метал арматуралар ҳам ишлаб чиқармоқдалар. “Шервуд Дизайн” соҳага оид барча турдаги технологик жиҳозларни сотиб олди. Дарвоқе, шуни алоҳида таъкидлаш керакки, энди тадбиркор учун валюта муаммоси юз фоиз ечилган. Бешариқда тайёрланган метал таҳмон, қаватли стеллаж, реклама устуни ва ромлари... хуллас рўйхатда ўттиздан зиёд маҳсулот бор. Яна бир қувончли жиҳати шундаки, ҳатто “Coca cola” каби таниқли савдо белгилари ҳам Бешариқ тадбиркорига буюртма берган.
–Таниқли брендларнинг буюртмасини олишга муяссар бўлдик, - дейди ижрочи директор Нодира Эргашева. “Coca cola”, “Pepsi” компаниялари билан ҳамкорликда ишлаяпмиз. Уларга фирма рамзи бўлган стол-стуллар, метал тахмонлар тайёрлаб бермоқдамиз.

Мана бу бежирим стул, креслолар ҳам уларнинг маҳсулоти. Энди эса 9 қаватли намунали уйлар қуришга киришдилар. Яқин кунларда Бешариқ марказида улар қураётган шинам хонадонлар эгаларига топширилади.
2022 йилнинг иккинчи олти ойида 15 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, 2023 йилни биринчи ярмидаёқ бу рақам икки ҳисса ортиши кутилмоқда.

Агар... Ҳа, шу сўзни ишлатамиз, агар сўнгги йилларда муҳим иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилмаганида, тадбиркорлик ҳар тарафлама қўллаб-қувватланмаганида Шерзод Эркабоев оддий дизайнчиликдан йирик тадбиркорга айланар эдими?

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/AOaU9kI7vGY" title="Дизайнчи эди, тадбиркорга айланди." frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Муаллиф: Муҳаммаджон Обидов
Тасвирчи: Элёр Олимов