Дийдорлашув, эъзоз ва эҳтиром шодиёнаси
Мамлакатимизда “Уч авлод учрашуви” маърифий тадбирларини ўтказиш анъанага айланди. Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида ташкил этилган навбатдаги тадбир ҳам чин маънода дийдорлашув, эъзоз ва эҳтиром шодиёнаси бўлди десак, муболаға бўлмайди.
Тадбирда давлат ва жамоат арбоблари, туман ҳокимлиги ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари, меҳнат фахрийлари, “Нуронийлар жамоатчилик кенгаши” аъзолари, “Бувижонлар мактаби” фаоллари ва ёшлар иштирок этди.

Кексалари эъзозланган юртда қут-барака, меҳр-оқибат бардавом бўлади. Фахрийларнинг дуолари, ўгитлари, панду насиҳатлари ёшларни яхшиликка етаклайди, ён-атрофидагиларга ёрдам беришга ундайди. Ёшу қарини бир даврага жамлаган “Уч авлод учрашуви” тадбирида ана шу жиҳатлар яққол намоён бўлди.
Айни пайтда Ўзбекистон туманида 60 ёшдан ошган 30 мингдан ортиқ нуронийлар истиқомат қилади. Улар орасида 10 нафардан зиёд фан докторлари, профессорлар, 1100 нафар давлат мукофотлари совриндорлари, 100 нафардан зиёд меҳнат фахрийси бор. Фахрийлардан 6 нафари 100 ёшдан ошган. Бир нафари Иккинчи жаҳон уруши фахрийси. 90 нафари фронт орти меҳнат фахрийлари ҳисобланади.

– Нафақага чиққанимга 16 йил бўлди, — дейди меҳнат фахрийси Алишер Ваҳобов. — Маҳалла раиси маслаҳатчиси, “Нуронийлар жамоатчилик кенгаши” аъзоси сифатида туманда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини асрашга ўзимни ҳиссамни қўшиб келяпман.
Президентимизнинг ташаббуси билан республикамизда, вилоятларда, туманларда, маҳаллаларда, мактабларда ташкил этилаётган “Уч авлод учрашуви” маърифий тадбирлари ёшларга ҳам кексаларга ҳам бирдек фойдали, манфаатли бўляпти. Ўсиб келаётган авлоднинг билим олиш, касб-ҳунар эгаллаш йўлидаги ютуқларини кўриб қувонамиз. Ўзимизнинг ҳаётий тажрибамиздан келиб чиқиб, уларга маслаҳатлар, тўғри йўналишлар берамиз. Бугунги неъматларга, юртимиздаги тинчлик-осойишталикка ҳар қанча шукур қилсак, шунча кам.


Нигора Раҳмонова, ЎзА.