"Дийдор"да "Аршин мол олон" спектакли
"Дийдор" театр-студияси томошабинларга "Аршин мол олон" спектаклини тақдим этди.
Спектакль устоз санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Баҳодир Йўлдошев томонидан саҳналаштирилган.
Озарбайжон театр, кино санъатини атоқли композитор ва драматург Узайр Гажибековнинг "Аршин мол олон" асарисиз тасаввур этиш мумкин эмас. Асарнинг яратилганига 110 йил ошган бўлса-да, у ҳамон дунё саҳналаридан тушмай келмоқда. Сабаби енгил жанрли ушбу асар миллий жозибаси, ўзига хос завқи, жўшқинлиги билан томошабинлар меҳрини қозонган.

Мазкур асар юртимизнинг бир қатор театр жамоалари томонидан саҳнага олиб чиқилган. Унинг мазмуни, сюжети томошабинларга яхши аён. Бўйдоқ Асқар уйланиши керак. Уйланганда ҳам жуфти ҳалолини аввалдан кўриб, билиб, оила қуришга аҳд қилган. Бироқ миллий урф-одатлар йигитни ўз қайлиғини аввалдан кўриб, билиб уйланишига йўл бермайди. Бадавлат Асқар ўз амакиваччаси Сулаймоннинг уддабуронлиги билан "аршинмолчи " - газлама сотувчи қиёфасига кириб, ўз мақсадига эришади...

"Дийдор"чилар талқинидаги мазкур оперетта, агар спектаклга баҳо берадиган бўлсак, "аъло" баҳога саҳналаштирилган. Зеро, Баҳодир Йўлдошев томонидан саҳнага қўйилган мазкур асарнинг "Дийдор"чилар ижросидаги талқини бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас!
Томошабин ойнаижаҳон орқали Озарбайжон киночилари томонидан ишланган "Аршин мол олон" фильмини қайта-қайта кўрган бўлса ҳам, "Дийдор" театр-студиясида саҳналаштирилган спектаклни ташналик, ўзгача завқ, қизиқиш билан томоша қилади. Спектакль жараёнида томошабин гўзал озар тилидаги қўшиқлардан, бу халқнинг жозибали рақсларидан баҳраманд бўлади. Айни пайтда актёрларнинг ижрочилик маҳорати билан бирга хонандалик, хореография санъати бўйича юксак истеъдоди ҳам намоён бўлади.
Умуман олганда, "Дийдор" театр-студиясининг доимий мураккаб йўналишдаги, томошабинни чуқур ўйга толдирувчи драматик асарлар билан бирга шундай завқли саҳна асарини тақдим этиши - театр ижрочилари, ижодкорларининг серқирра фаолиятидан дарак беради.
Спектаклда асосий ролларни Хуршида Арабшоева, Ўлмас Ўраев, Жўрабек Арзиев, Ирода Қосимова, Севинч Далабоева ва бошқа актёрлар ижро этган.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири