Директор ташаббускор, тадбиркор ва ташкилотчи бўлса..
Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги 24-умумтаълим мактаби директори Беҳруз Бафоев соҳадаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тўғри англаган ҳолда маҳоратли бошқарувчи, малакали педагог, ташаббускор, тадбиркор ва фаол ташкилотчи ҳамдир.
Бу лавозимга тайинланганига эндигина 8 ой бўлган 29 ёшли бу серғайрат раҳбар ўтган шу қисқа вақт мобайнида мактабда таълим-тарбия сифатини оширишга қаратилган салмоқли ишларни амалга оширди.

Аввало таълим муассасасида ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши ва ўқитувчиларнинг самарали фаолият юритиши учун қулай шароитлар яратишга эътибор қаратди. Бунда мактабда мавжуд қўшимча имкониятлардан фойдаланишга, она-оналар ва маҳалла аҳли ҳамда маҳаллий ташкилотларнинг масъулиятини оширишга интилди.
Бунинг натижасида мактаб атрофидаги экин ерларидан ва футбол стадионини ижарага бериш орқали 5 миллион 600 минг сўм даромад олинди. Топилган маблағ ҳисобига қурилиш материаллари харид қилинди. Мактаб таъмири учун фойдаланилди.

Шунингдек, “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 1-мавсумида мактабга 420.000.000 сўм маблағ ҳисобига сунъий қопламали мини футбол майдони қурилди. 2-мавсумда 605.000.000 сўм маблағ ҳисобига мактабнинг фасад, том қисми, иссиқлик тизими, ва лаборатория хоналари таъмирланди. Бир сўз билан айтганда, мактаб тумандаги энг намунали таълим муассасаларидан бирига айлантирилди.
Янги ўқув йили олдидан тумандаги мактаблар директорлари иштирокида бўлиб ўтган амалий семинар айнан шу масканда бўлиб, амалга оширилган намунали ишлар тақдимот қилинди.

Семинар жараёнида иштирокчилар директор ташаббускор бўлса, мактабда бирор янгилик қилиш учун давлат бюджетидан маблағ ажратилишини кутиб ўтириш шарт эмаслигига ишонч ҳосил қилишди.
– Мактабимизда янги ўқув йилида 784 нафар ўғил-қиз таҳсил олиши кутилмоқда, – дейди шижоатли директор. – Педагогик жамоамиз 60 нафар тажрибали ва маҳоратли ўқитувчилардан таркиб топган. Муаллимларимизнинг 7 нафари олий, 12 нафари 1-, 22 нафари 2-малака тоифасига эга. Икки нафар устозимиз эса республика танловларида ғолибликни қўлга киритиб, иш тажрибалари республика миқёсида оммалаштирилди. Янги ўқув йилини янгича иштиёқ ва режалар билан кутяпмиз. 2022-2023 ўқув йилида таълим сифатини ошириш йўналишида юқори кўрсаткичларга эришишни мақсад қилганмиз.


Зариф Комилов, ЎзА