Дипломатияда “Уч авлод учрашуви”
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида “Ёддан чиқмаслар” туркуми доирасида “Уч авлод учрашуви” тадбири бўлиб ўтди.
Нуронийлар ва меҳнат фахрийлари, жамоатчилик фаоллари, зиёлилар, профессор-ўқитувчилар ҳамда университет талабалари иштирок этган тадбирда катта авлод вакилларининг бой ҳаётий тажрибаси ва ибратли фаолиятини ёш авлодга етказиш, авлодлар ўртасидаги маънавий ришталарни мустаҳкамлаш, ёшларда Ватанга садоқат, меҳнатсеварлик, инсонпарварлик ва миллий қадриятларга ҳурмат туйғуларини янада юксалтириш борасида фикр мулоҳазалар билдирилди.
Хусусан, учрашув давомида юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшган, кўп йиллик самарали меҳнати билан жамият ҳаётида муносиб из қолдирган фахрийлар ўзларининг ҳаёт йўли, меҳнат фаолияти ва ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
Шунингдек, тадбир доирасида университет ҳаётидаги муҳим ташаббуслардан бири — университетнинг “Қалқон” гуруҳи аъзоларига гувоҳномалар топшириш маросими ҳам ташкил этилди. Маросимда гуруҳ аъзоларининг университет ҳаётидаги фаол иштироки, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлашга кўмаклашиш, талабалар ўртасида масъулият, интизом ва ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш борасидаги ташаббуслари эътироф этилди. Гуруҳ аъзоларига гувоҳномалар тантанали равишда топширилиб, уларнинг келгусидаги фаолиятига муваффақият ва янги марралар тиланди.
Фахрийлар ёшларни пухта билим олишга, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллашга, доимо изланишда бўлишга, меҳнатсеварлик ва масъулиятни ҳаёт мезонига айлантиришга чақирдилар. Шунингдек, ватан равнақига муносиб ҳисса қўшиш ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчи экани таъкидланди.
Қайд этилганидек, бу каби учрашувлар ёшлар учун катта авлод вакилларининг ҳаётий тажрибасини ўрганиш, улардан ибрат олиш, шунингдек, авлодлар ўртасидаги маънавий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Гулноза Бобоева,ЎзА