Дипломатия тарихидаги ёрқин из
Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган давлатлардан бири Корея Республикасидир. Биздан анча узоқда — Корея ярим оролида жойлашган бу ривожланган мамлакат билан 1992 йил январь ойидан дипломатик алоқалар ўрнатилди. Эътиборлиси, ўзаро ҳамкорлик очиқлик, ўзаро англашув ва манфаатларни ҳурмат қилиш принципларига таянади.
Тарихан қисқа даврда Корея Республикаси Ўзбекистоннинг вақт синовида тобланган ишончли ҳамкорига айланди. Бугун деярли барча соҳаларда, сиёсий, иқтисодий, тўғридан-тўғри инвестиция, экспорт-импорт, маданият, фан-таълим, соғлиқни сақлаш, ахборот технологиялари каби қатор йўналишларда ҳамкорлик амалга оширилмоқда. Ушбу мамлакат Ўзбекистоннинг ташқи савдо соҳасидаги шериклари сафида тўртинчи ўринни эгаллаб тургани ҳам шундан далолатдир. 2019 йил апрель ойида икки давлат ўртасидаги муносабатлар мутлақо янги — алоҳида стратегик шериклик даражасига кўтарилди.

Олий даражадаги дипломатик муносабатлар ўрнатилишида, шубҳасиз, Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Виталий Васильевич Феннинг алоҳида хизмати бор. Мустақилликнинг дастлабки ва оғир йилларида мамлакатимиз олдида иқтисодий тангликни тезда бартараф этиш, халқ турмуши фаровонлигини ошириш, қўшни ва ривожланган давлатлар билан ўзаро ишонч ва манфаатдорлик асосида мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишдек мураккаб вазифалар турарди. Шундай вазиятда сиёсий-иқтисодий, маданий-маърифий соҳаларда катта тажрибага эга бўлган Фарғона фарзанди зиммасига катта масъулият юкланди.
Корея Республикаси юксак даражада тараққий этган, улкан иқтисодий, илмий-техникавий, инновацион ва интеллектуал салоҳиятга эга давлат бўлгани боис, Виталий Фен дастлаб Ўзбекистон Республикасининг Муваққат ишлар вакили, сўнгра Фавқулодда ва мухтор элчи сифатидаги иш фаолиятини кореяликлар эришган муваффақиятларни ҳар жиҳатдан ўрганишдан, ўзаро стратегик ҳамкорликнинг яқин ва узоқ йилларга мўлжалланган йўналишларини белгилаб олишдан бошлади. Кейин эса Корея иқтисодий ва молиявий тузилмалари раҳбарларини, етакчи компаниялар, банклар, бизнес вакилларини ва ишбилармонлар доирасини Ўзбекистонга жалб қилиш, энг асосийси, йирик компанияларнинг мамлакатимиз иқтисодиётига кўпроқ сармоя киритиши учун ваколати доирасида тиним билмади. Қолаверса, парламентлараро, ҳукуматлараро алоқаларни, вазирликлар ўртасида яқин сиёсий муносабатларни изчил йўлга қўйишга, ижтимоий ва гуманитар соҳалардаги шерикликни юксак даражага кўтаришга муносиб ҳисса қўшди.
Виталий Васильевич Фен мустақил Ўзбекистон тарихида бир мамлакатда энг узоқ йил элчилик қилаётган давлат ва жамоат арбоби, этник корейс миллати вакили. У 28 йилдан буён муваққат ишлар вакили, Фавқулодда ва мухтор элчи, Сеулдаги дипломатик корпус етакчиси ва яна Фавқулодда ва мухтор элчи, Ўзбекистоннинг Кореядаги дипломатик миссияси раҳбари бўлиб хизмат қилиб келмоқда. 76 ёшни қаршилаётган бу инсон ҳақиқатан ҳам ўзбек халқининг фидойи фарзанди, билимдон, сиёсий етук дипломат. Мустақил давлатимизнинг “Меҳнат шуҳрати”, “Буюк хизматлари учун” орденлари ва қатор медаллари билан мукофотланган. Шунингдек, мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашдаги хизматлари эвазига Корея ҳукуматининг “Гванхва” ордени билан тақдирланган, 2005 йилдан буён Сеулнинг фахрий фуқароси ҳисобланади.
Яқинда Кореянинг “Fornurse” нашриёти Ўзбекистон фахрига айланган юртдошимизнинг ибратли ҳаёти ва узоқ йиллик меҳнат фаолиятига бағишланган “Виталий Фен. Дипломатия тарихидаги ёрқин из” номли китобини рус тилида босмадан чиқарди.
Мемуар икки қисмдан иборат бўлиб, унинг дастлабкиси умр зарварағидир. Унда фидойи инсон Виталий Васильевич Феннинг ҳаёт йўли, ўзи билган, гувоҳи бўлган муҳим воқеалар икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашувлари, сиёсий анжуманлар тафсилотлари, дипломатик фаолият ва архив ҳужжатлари асосида битилган. Бу жараёнлар тарихга айланган суратларда акс этган. Иккинчи қисмида уни билган, таниган, бирга хизмат қилган ўзбек ва кореялик таниқли давлат хизматчилари, маслаҳатчилар, вазирликлар вакиллари, элчи ва консуллар, йирик компаниялар президентлари, оммавий ахборот воситалари ходимларининг хотиралари баён қилинган.
Муқаддимада ёзилганидек, “Виталий Васильевич Фен — Ўзбекистоннинг таниқли дипломатларидан бири. Давлатнинг Корея Республикасидаги биринчи элчиси сифатида бутун кучини икки мамлакатнинг дўстлик муносабатларини йўлга қўйиш ва ривожлантиришга бахш этди, унинг хизматлари самарасида бу муносабатлар алоҳида стратегик шериклик даражасига етди”.
“Корея Республикасининг етти президенти даврида фаолият юритишимга тўғри келди. Қайси йил бўлмасин, ўзбек ва корейс иқтисодий муносабатларини барқарор мустаҳкамлашга қарор қилдим, малакали мутахассисларни жалб қилиш фаоллашди, ҳукумат даражасидаги муносабатлар дўстона, ишончли хусусиятга айланди...” деб ёзади муаллиф.
Дарҳақиқат шундай. Бугунги кунда масофа жиҳатидан бир-биридан олисда бўлса-да, Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ришталари жуда яқин. Сиёсий-дипломатик, ижтимоий-иқтисодий, маданий соҳалардаги муносабатлар янги сифат босқичига кўтарилган. Мамлакатимизда Корея сармояси иштирокидаги ўнлаб йирик ишлаб чиқариш корхоналари фаолият юритяпти, кичик бизнес вакиллари тўғридан-тўғри инвестиция киритмоқда, бу давлат малакали мутахассислари замонавий технологиялар ва коммуникацияларни ўзлаштиришда ўзбек касбдошларига кўмаклашмоқда, Ўзбекистонда истиқомат қилаётган корейс диаспораси миллий қадриятлари асосидаги анъаналарини эмин-эркин нишонламоқда, барча вилоятларда корейс миллий маданий марказлари ташкил қилинган.
“Виталий Фен. Дипломатия тарихидаги ёрқин из” номли мазкур китоб оддий ўқувчи учун ҳам, давлат хизматчилари, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий соҳалар вакиллари учун ҳам муҳим қўлланма — ҳаёт мактаби вазифасини бажаришига шубҳа йўқ.
Рустам ОРИПОВ.