ДИИҲБ ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) директори Маттео Мекаччи бошчилигидаги делегация жорий йилнинг 29 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова билан учрашди.
Бу ҳақда Омбудсман матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, учрашувда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, Вакил институтининг қонунчилик базаси такомиллаштирилгани ва ваколатлари кенгайтирилгани ҳамда қийноқларнинг олдини олиш бўйича Омбудсман зиммасига юклатилган вазифалар, жумладан, Миллий превентив механизм доирасида ёпиқ муассасаларга уюштирилган мониторинг ташрифлари ҳақида тўхталди.
Ўзаро мулоқот давомида 2021 йилда Омбудсман томонидан инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида режалаштирилган ташаббуслар ҳамда 2020 йилда Вакил номига юборилган мурожаатлар таҳлили борасида ҳам ўзаро фикр алмашилди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Парламентга йўллаган Мурожаатномасида ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида қилган маърузасида қийноқлар масаласига алоҳида эътибор қаратилгани, Омбудсман институти зиммасига мамлакатимизда қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш, бундай ҳолатларга йўл қўймаслик, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатлаш бўйича қатор вазифаларни юклаш билан бирга унинг ваколатларини кенгайтириш масаласини ҳам илгари сураётгани қайд этилди.
Омбудсман ҳузуридаги қийноқларнинг олдини олиш бўйича Миллий превентив механизм доирасида жазони ижро этиш муассасалари, тергов хибсхоналари ва бошқа ёпиқ муассасаларига ННТ ва фуқаролик жамияти вакиллари ҳамда ОАВ иштирокида мониторинг ташрифларини ўтказиш тизимли йўлга қўйилганлиги ҳамда бу борада парламентга мунтазам тарзда маълумотномалар киритиб борилаётганлиги ҳам таъкидланди.
Шу билан бирга, Сайлов кодекси билан ижтимоий аҳамияти катта бўлмаган жиноятни содир этган маҳкумлар ҳам сайловларда иштирок этиш ҳуқуқи вужудга келгани, жорий йилда мамлакатимизда бўлиб ўтадиган сайлов жараёнларини Омбудсман кузатиб бориши қайд этилди.
Очиқ ва дўстона руҳда ўтган учрашувда ДИИҲБ директори М.Мекаччи инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини билдирди.
Н.Насриев, ЎзА