ДХХ кубоги иқтидорларни юзага чиқарди
Сирдарё вилоятида ёшлар спортини ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ҳамда иқтидорли футболчиларни кашф этишга қаратилган йирик спорт тадбирларидан бири — Давлат хавфсизлик хизмати кубогининг туман ва шаҳар босқичлари юқори кайфият ва катта қизиқиш билан ўтказилмоқда.
Ушбу спорт мусобақасига старт бериш маросимида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ҳамда ДХХ вилоят бошқармаси бошлиғи Одил Шерқулов иштирок этиб, мусобақанинг ёшлар ҳаётидаги аҳамиятини алоҳида таъкидлади. Улар бу каби мусобақалар нафақат спорт беллашуви, балки ёшлар ўртасида дўстлик, ҳамжиҳатлик, соғлом рақобат муҳитини мустаҳкамлаш ва, энг муҳими, янги иқтидорларни юзага чиқаришда муҳим платформа эканини қайд этди.
Мусобақа доирасида туман ва шаҳар босқичлари қизғин, муросасиз ва кўтаринки руҳда ташкил этилди. Вилоят бўйича 8 мингга яқин футбол ва мини-футболга қизиқувчи ёшлар ўз маҳалла ва туманлари шарафини ҳимоя қилиш учун майдонга чиқди. Улар нафақат ғалаба учун, балки ўз иқтидорини намоён этиш учун ҳам бор кучини ишга солди.
Гулистон туманида ўтказилган беллашувларда футбол бўйича Соҳилобод маҳалласи жамоаси, мини-футболда эса Ибрат маҳалласи ўғил болалари, шунингдек, қизлар ўртасида Мустақиллик маҳалласи жамоаси ғолибликни қўлга киритиб, вилоят босқичига йўлланма олди.
[gallery-29684]
Оқолтин туманида футбол бўйича Янги давр маҳалласи, мини-футболда ўғил болалар ўртасида Андижон маҳалласи, қизлар жамоалари ўртасида ҳам Андижон маҳалласи спортчилари ғолибликни қўлга киритди.
Ховос туманида эса футбол бўйича Қаҳрамон маҳалласи, мини-футболда ўғил болалар ўртасида Истиқлол, қизлар ўртасида Чаманзор маҳаллалари жамоалари юқори натижа кўрсатиб, ғолиб бўлишди.
Гулистон шаҳрида бўлиб ўтган қизғин баҳсларда футбол бўйича Навбаҳор, мини-футболда ўғил болалар ўртасида Дўстлик, қизлар ўртасида эса Тараққиёт маҳаллалари жамоалари биринчи ўринни эгаллади.
– Бу йилги мусобақалар қамрови янада кенгайиб, ўтган йилгига нисбатан икки баробар кўпроқ ёшларни — 8 минг нафардан ортиқ спортсеварни қамраб олди. Бу эса Сирдарёда футбол ва мини-футболга қизиқиш тобора ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Энг асосийси, мусобақалар соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ёшларнинг жисмоний фаоллигини ошириш ва иқтидорларни аниқлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Муҳими, ёшлар ўртасида дўстлик ва бирдамлик руҳи янада кучаймоқда, – дейди Сирдарё вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Анвар Бўронов.
Мусобақанинг яна бир жиҳатларидан бири ғолиб жамоаларга вилоят босқичида иштирок этиш имконияти берилишидир. Кейинги босқичда ғолиб бўлган жамоалар республика миқёсида Сирдарё шарафини ҳимоя қилади.
Эътиборлиси, ўтган йилги мусобақада Янгиер шаҳрининг Жомий маҳалласи жамоаси республика босқичида биринчи ўринни эгаллаган эди. Шу муваффақият эвазига уларнинг маҳалласида мини-футбол стадиони барпо этилгани бу йилги иштирокчилар учун қўшимча рағбат ва илҳом манбаига айланди.
Бугунги мусобақалар ана шу каби ютуқлар, реал натижалар ва имкониятлар билан ёшларни янада фаол бўлишга ундамоқда. ДХХ кубоги Сирдарёда иқтидорларни кашф этиш, спорт маданиятини юксалтириш ва соғлом авлодни тарбиялашда муҳим майдонга айланиб бормоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири