ДХА: Ижтимоий дафтарларга кирганларга ЭРИ калитлари бепул берилмоқда
Бундан кўзланган асосий мақсад қишлоқ хўжалик соҳасида оилавий тадбиркорликни ривожлантиришдан иборат.
Президентимизнинг 2021 йил 23 ноябрдаги «Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида аҳолининг даромад топишига қаратилган тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш, аграр соҳада ўз бизнесини ташкил этишга кўмаклашиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда деҳқон хўжаликларининг улушини оширишга қаратилган бир қанча чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Қарор бўйича деҳқон хўжалиги учун ажратилган ерлар лот (аукцион)га қўйилмоқда. “E-AUKSION” электрон савдо платформасига фақат электрон рақамли имзо калити орқали кириш мумкин. Шуни инобатга олган ҳолда туман ва шаҳар Давлат хизматлари маркази ходимлари ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»да рўйхатда турган эҳтиёжманд оилаларнинг ушбу танловларда қатнашиши учун жойларда сайёр қабуллар ўтказиб, электрон рақамли имзо (ЭРИ) калитларини сайёр тартибда, бепул беришмоқда.
Жумладан, Ургут туманининг Кенагас қишлоғида ташкил этилган ана шундай сайёр қабулда ҳам мазкур қишлоқ ва унга туташ ҳудуд аҳолиси давлат хизматларидан сайёр тартибда фойдаланиб, ўзларини қийнаб келаётган муаммолар юзасидан мутахассислардан ҳуқуқий ёрдам олишди. Хусусан, «Ёшлар дафтари»да турувчи 9 нафардан ортиқ ёшга шу куни электрон рақамли имзо калитлари бепул расмийлаштирилиб берилди.
— Ер олиб, кичик цех очмоқчиман, — дейди Деҳқонобод маҳалласида яшовчи Фирдавс Қаршиев. — Бошланишига 4-5 нафар, кейинчалик 15-20 нафар фуқароларни иш билан таъминламоқчиман. Иш фаолиятим ишлаб чиқаришга қаратилган. Шунингдек, ер майдони олиб, деҳқон хўжалиги ташкил этишни ҳам мақсад қилганман. Яъни, сабзавот, дуккакли ва бошқа экинлар етиштириб, уларни қайта ишлашни кўзда тутганмиз. Ер участкалари эса “E-AUKSION” электрон савдо платформасида очиқ танлов ўтказиш орқали ижарага бериларкан. Шу сабаб сайёр қабулда туман давлат хизматлари маркази ходимларидан электрон рақамли имзо калитини сайёр тартибда олиш имконига эга бўлдим.
Шунингдек, тадбирда мазкур дафтарларга киритилган фуқароларга мутахассислар томонидан электрон рақамли имзо калитидан фойдаланиш имкониятлари, давлат хизматлари кўрсатиш соҳасига оид амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилаётган қулайликлар ва кенг имкониятлар, давлат хизматларидан фойдаланишда жорий этилаётган замонавий усуллар мазмун-моҳияти бўйича ҳуқуқий тушунчалар ҳам берилди.
Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг ўтган даврида Самарқанд вилояти миқёсида Давлат хизматлари марказлари орқали 2200 дан ортиқ электрон рақамли имзо калитлари берилган. Шундан 154 таси ижтимоий дафтарларга киритилган фуқароларга берилган. Хусусан, 74 таси «Ёшлар дафтари», 52 таси «Аёллар дафтари» ҳамда 28 таси «Темир дафтар»га киритилган фуқароларга бепул берилган.
[gallery-5826]
Алишер ИСРОИЛОВ (сурат),ЎзА