Депутатлик назорати амалда
Юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш ҳамда ҳар бир ҳудудни изчил ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда маҳаллаларни обод қилиш, ижтимоий инфратузилмани мустаҳкамлаш, аҳоли мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш ва депутатлик назоратини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса халқ ва давлат ўртасидаги ишончни янада мустаҳкамлаб, ҳар бир ҳудудда амалий натижаларни намоён этмоқда.
Ана шу эзгу мақсадлар йўлида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Эмма Аслонова ҳамда Мадина Баратовалар Бухоро вилоятининг Когон туманида бўлишиб, маҳаллаларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ижтимоий объектлар фаолияти ва аҳоли учун яратилган шароитларни жойига чиққан ҳолда ўрганишди.
Депутатлар дастлаб Баҳоуддин Нақшбанд маҳалла фуқаролар йиғинида амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишишди. Бу ерда маҳалланинг ташқи қиёфаси тубдан ўзгариб, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари янги босқичга кўтарилгани, аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган қатор лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилгани эътибор марказида бўлди.
Энг муҳими, бир неча ой аввал фуқаролар томонидан кўтарилган долзарб муаммолар бугун ўз ечимини топгани алоҳида қайд этилди. Хусусан, маҳалланинг ички кўчалари тўлиқ асфальтлаштирилиб, аҳоли ҳаракати учун қулай ва хавфсиз шароит яратилди. Маҳалла аҳли учун муҳим аҳамиятга эга бўлган оилавий шифокорлик пункти учун замонавий талабларга жавоб берадиган янги бино барпо этилди. Шунингдек, ташқи ёритиш тизими замонавий энергия тежовчи чироқлар билан янгиланиб, маҳаллада тунги хавфсизлик ва қулайлик сезиларли даражада яхшиланди.

Ташриф давомида депутатлар Сорғун маҳалласидаги оилавий шифокорлик пункти фаолиятини ҳам атрофлича ўрганишди. Муассасанинг моддий-техник базаси, тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланганлик даражаси, аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий-санитария хизмати сифати ҳамда тиббиёт ходимларининг иш фаолияти чуқур таҳлил қилинди.
Шунингдек, беморлар учун яратилган шароитлар, профилактик тиббий кўрикларни ташкил этиш, касалликларни эрта аниқлаш, диспансер назоратини самарали олиб бориш каби муҳим йўналишлар ҳам диққат билан кўздан кечирилди. Ўрганишлар давомида аниқланган айрим камчиликларни бартараф этиш, тиббий хизматлар қамровини кенгайтириш ва сифатини янада ошириш юзасидан мутасадди ташкилотлар раҳбарларига аниқ топшириқ ва амалий тавсиялар берилди.

Депутатлар маҳалла аҳолиси билан очиқ мулоқот ҳам ўтказиб, фуқароларнинг таклиф ва мурожаатларини тингладилар. Суҳбатлар давомида одамларни қийнаётган масалалар, амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ва келгусидаги режалар юзасидан фикр алмашилди. Таъкидланганидек, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири турганини чуқур англаган ҳолда, уларни ижобий ҳал этиш депутатлик фаолиятининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.
Бугунги кунда маҳаллаларда кузатилаётган бундай ўзгаришлар халқнинг ишончини мустаҳкамлаб, “Инсон қадри учун” деган эзгу тамойил амалда ўз ифодасини топаётганини яна бир бор намоён этмоқда. Энг қувонарлиси, кўтарилган муаммолар қоғозда эмас, амалда ҳал этилаётгани, янги ижтимоий объектлар, обод кўчалар ва сифатли тиббий хизматлар аҳоли ҳаётида сезиларли ижобий ўзгаришлар ясаяпти.
Когон туманидаги мазкур ўрганишлар депутатлик назоратининг асосий мақсади ҳисобот тинглаш билан чекланмасдан, одамлар дардига қулоқ тутиш, муаммоларни жойида ҳал этиш ва аҳоли фаровонлигига хизмат қиладиган ташаббусларни қўллаб-қувватлашдан иборат эканини яна бир бор яққол намоён қилди. Бу каби амалий ёндашувлар Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдевори, халқ манфаатларини таъминлашнинг энг самарали механизми сифатида ўз аҳамиятини янада ошириб бормоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири