Ахборот ҳамкорларимиз нигоҳида – Янги Ўзбекистон
Мазкур рукнда ЎзАнинг хорижий ахборот ҳамкорлари саҳифаларида эълон қилинаётган Янги Ўзбекистонга оид хабарлар, кузатув ва баҳолар бериб борилмоқда. Бу жараён нафақат чет эл медиа вакиллари нуқтаи назарини, балки ўлкамиз ҳақидаги ҳаққоний ташқи қарашларни ҳам умумлаштиради. Шу тариқа мамлакатимизнинг тараққиёт йўли, очиқ сиёсати ва ислоҳотлари халқаро ахборот маконида қандай таҳлил қилинаётгани ҳақида муайян тасаввур ҳосил қилиш мумкин.
“Анадолу”: Ўзбекистоннинг таълим соҳасидаги кенг қамровли ислоҳотлари самара бермоқда

Туркиянинг “Анадолу” ахборот агентлиги ёзишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида олий таълим тизими изчил ривожланиб, олий таълим муассасалари ва талабалар сони барқарор ўсиб бормоқда.
Нашр маълумотларига кўра, 2025–2026 ўқув йили якунига келиб мамлакатда фаолият юритаётган 207 та олий таълим муассасасида 1,5 миллиондао ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Бу ўтган ўқув йилига нисбатан 10,6 фоиз кўпдир.
Мақолада қайд этилишича, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган олий таълим тизимини ривожлантиришга оид фармонга мувофиқ, 2030 йилга қадар талабалар сонини 2 миллион нафарга етказиш режалаштирилган. Шунингдек, камида 10 та Ўзбекистон олий таълим муассасасини дунёнинг энг яхши 1000 университети қаторига киритиш, ахборот технологиялари, сунъий интеллект, тиббиёт ва “яшил” энергетика каби соҳаларда етакчи хорижий университетлар билан қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш кўзда тутилган.
Таъкидланишича, мамлакатда дунёнинг энг яхши 100 таликка кирувчи университетлар филиалларини очишни рағбатлантириш, хорижий талабалар сонини беш баробарга ошириш ҳамда таълим экспортидан йилига 200 миллион доллар даромад олиш ҳам устувор вазифалардан ҳисобланади.
Шунингдек, сўнгги ўн йилда мамлакатда 142 та янги университет ташкил этилиб, олий таълим муассасалари сони 77 тадан 207 тага етган. Уларнинг 101 таси давлат, 74 таси хусусий, 32 таси эса хорижий ёки халқаро университетлар ҳисобланади. Ушбу муассасаларда жами 46 минг 604 нафар профессор-ўқитувчи фаолият юритмоқда.
Университетларга қабул даражаси сўнгги ўн йилда қарийб 9 фоиздан 42 фоизгача ошгани, талабалар сони эса 250 минг нафардан 1,5 миллион нафарга етгани қайд этилган. Хорижий талабалар сони ҳам қарийб 20 баробар ошиб, 25 минг нафарга яқинлашганига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Мақолада Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик ҳам кенгайиб бораётгани таъкидланган. Жумладан, ўлкамизда TOBB ETÜ Тошкент филиали ҳамда Халқаро Туркий давлатлар университети фаолият юритмоқда.
Нашрга интервью берган ўзбекистонлик мутахассис Улуғбек Қосимбеков мамлакат университетлар сони ва халқаро ҳамкорлик кўлами жиҳатидан Марказий Осиёнинг энг йирик олий таълим тизимига айланиб бораётганини таъкидлаб, сифатга йўналтирилган сиёсат ва интернационаллашувни изчил давом эттириш Янги Ўзбекистонни келажакда Евроосиёнинг муҳим таълим марказларидан бирига айлантириши мумкинлигини билдирган.
“БТА”: Ўзбекистон Грецияга Александр Македонскийга бағишланган қўшма фильм яратиш лойиҳасини таклиф қилди

Болгариянинг “БТА” ахборот агентлиги хабар беришича, Ўзбекистон Грецияга Александр Македонскийга бағишланган қўшма фильм лойиҳасини амалга ошириш таклифини билдирди.
Нашрнинг маълум қилишича, Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков Грецияда амалий ташриф доирасида Греция маданият вазири Лина Мендони билан учрашган.
Учрашув давомида икки мамлакат томонидан Александр Македонский ҳаёти ва меросига бағишланган қўшма маданий тадбирлар ҳамда фильм лойиҳасини амалга ошириш таклифи илгари сурилган.
Нашр Александр Македонскийнинг ҳозирги Ўзбекистон ҳудуди билан боғлиқ тарихий алоқаларига ҳам тўхталган. Қайд этилишича, милоддан аввалги 327 йилда у айнан шу ҳудудда Роксана билан танишиб, унга уйланган. Роксана Сўғдиёна пойтахти Самарқанддан бўлган ва уларнинг ўғли Александр IV саркарданинг қонуний вориси ҳисобланган.
Шунингдек, Самарқанд атрофида олиб борилган археологик қазишмалар чоғида Александр Македонский даврига оид кўплаб тарихий артефактлар топилгани ва улар ҳозирги кунда шаҳар музейида намойиш этилаётгани қайд этилган.
“АЗЕРТАЖ”: Самарқандда Ёш парламентчиларнинг XII глобал конференциясига тайёргарлик авжида

Озарбайжон давлат ахборот агентлиги “АЗЕРТАЖ” хабар беришича, жорий йил 4–6 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Парламентлараро иттифоқнинг Ёш парламентчилар XII глобал конференцияси бўлиб ўтади.
Мақолага кўра, нуфузли анжуманга юқори савияда тайёргарлик кўриш ва уни муваффақиятли ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева раҳбарлигида Ташкилий қўмита йиғилиши ўтказилган.
Таъкидлашича, мазкур конференцияни Самарқандда ўтказиш ташаббуси Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2025 йил апрель ойида Тошкентда бўлиб ўтган Парламентлараро иттифоқнинг 150-Ассамблеясида илгари сурилган. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида ёшлар сиёсати масалаларига алоҳида эътибор қаратиб, ёш авлоднинг миллий парламентлар ва Парламентлараро иттифоқ фаолиятида фаол иштирок этиши муҳимлигини таъкидлаган. Ушбу таклиф Парламентлараро иттифоқнинг 180 дан ортиқ аъзо давлати томонидан қўллаб-қувватланган.
Мақолада 2025 йил октябрь ойида Женева шаҳрида бўлиб ўтган Парламентлараро иттифоқнинг 151-Ассамблеясида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ҳамда Парламентлараро иттифоқ ўртасида конференцияни Самарқандда ўтказиш тўғрисидаги битим имзолангани қайд этилган.
Муаллифнинг ёзишича, конференция кун тартибидан рақамли трансформация шароитида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг сиёсий имкониятларини кенгайтириш, иқтисодий ҳуқуқлари ва бандлигини таъминлаш, хотин-қизлар ҳамда ёшларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш масалалари ўрин олган. Шунингдек, тадбир доирасида Барқарор ривожланиш мақсадларига бағишланган бир ойлик кампанияни ўтказиш ҳам режалаштирилган.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА