Депутат хотин-қизлар ва болалар муаммоларини ўрганди
Сирдарё вилоятида хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ҳолатини яхшилаш ҳамда мавжуд муаммоларни аниқлашга қаратилган ўрганиш ишлари давом этмоқда. Шу мақсадда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодира Жонибекова ҳудудларда бўлиб, аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказди.
Депутат дастлаб Бахт шаҳридаги 10-сонли мусиқа ва санъат мактабида бўлиб, бу ерда яратилган шарт-шароитлар, таълим жараёнининг ташкил этилиши ҳамда ўқувчилар эришаётган ютуқлар билан яқиндан танишди. Мазкур муассасада 10 та йўналиш бўйича 244 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда, уларга 46 нафар малакали устозлар таълим бермоқда. Ўқувчиларнинг республика ва халқаро танловларда эришаётган ютуқлари алоҳида эътироф этилди.
Депутат,шунингдек, умумий ўрта таълим муассасалари фаолияти билан танишиб, “Бувижонлар” ва “Оқила аёллар” клублари аъзолари билан мулоқот ўтказди.

Сирдарё туманидаги 14-умумий ўрта таълим мактабида ҳам учрашув ташкил этилди. Унда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оилаларда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш ҳамда зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди.
Депутат йиғилганларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 3 март куни имзоланган “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берди.
Ушбу ҳужжат ижроси доирасида “Адолат” СДП томонидан республика миқёсида амалга оширилаётган “Оилалар мустаҳкамлигини кафолатлайлик” акцияси Сирдарё вилоятида ҳам изчил давом этмоқда. Тадбирлар давомида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, профилактик ишлар самарадорлигини кучайтириш ҳамда мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Таъкидланишича, бундай учрашув ва давра суҳбатлари жамиятда ҳуқуқий онгни юксалтириш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш ҳамда зўравонликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Тадбир якунида Хазина маҳалласи аҳолиси учун “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг Сирдарё вилоят филиали томонидан бепул дори-дармонлар тарқатилди.
Ғулом Примов, ЎзА