Депутат – халқ манфаатларининг ҳимоячиси
Акс-садо
Кўксига депутатлик нишонини тақиб юрган халқ вакили зиммасида сайловчиларнинг ишончини оқлаш, Ватан олдидаги муқаддас бурчни ҳис этишдек масъулият бор. Қайсики, депутат ана шу ишонч ва масъулиятни виждонан адо этса, унинг халқ ва Ватан олдида юзи ёруғ бўлади.
Давлатимиз раҳбари 2024 йил 2 февралда юртимизда сўнгги йилларда Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга оид долзарб масалаларни ҳал қилиш бўйича ваколатлари кенгайтирилиб, халқ ҳокимиятчилигини тўлақонли рўёбга чиқариш борасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилганини инобатга олиб, “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни қабул қилди.
Мазкур муҳим ҳужжатда маҳаллий давлат органлари фаолиятини “Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойили асосида ташкил этиш юзасидан қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича тузилган “Йўл харитаси” тайёрланди. Ушбу “йўл харитаси”га асосан маҳаллий Кенгашлар зиммасига вазифа ва функциялар фақатгина қонун ҳужжатлари билан юкланади, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари томонидан маҳаллий Кенгашлар фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.
Шунингдек, фармонда 2024 йил 1 октябрга қадар Халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашлари, 2025 йил 1 декабрга қадар туман ва шаҳар Кенгашлари учун минимал талабларни инобатга олган ҳолда бино ёҳуд ишчи хоналар билан таъминлаш ва жиҳозлаш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида кўрсатиб ўтилган мақсадлар орқали маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини трансформация қилиб, ҳудудий бошқарувни “аҳоли манфаатларига хизмат қилиш” тамойили асосида йўлга қўйиш ниятида ўттиз учта функция ва ваколат Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ўтказилди. Эндиликда маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳудудларда давлат боғча ва мактабларни ташкил этиш, атмосфера ҳавосига таъсир этувчи корхоналарни қуриш, чиқинди кўмиладиган жойларни аниқлаш ва йўловчи ҳамда юк ташиш тарифларини белгилаш каби қатор жараёнларда фаоллик кўрсатади.
Жорий йилда мамлакатимизда ҳам янги мазмундаги сайловлар бўлиб ўтиши режалаштирилган. Бунда, албатта, маҳаллий Кенгашларга сайлов ўтказиш ҳам кўзда тутилганки, айни дамда ана шу жараёнга қизғин тайёргарлик кўрилиб, муносиб номзодлар танланмоқда.
Депутат сайловчилар билан учрашувда улардан тушган таклиф, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиб, ўз вақтида ва тўғри ҳал этиш чораларини кўради. Фуқаро депутатга ишонганлиги учун мурожаат қилади. Шу боис ҳар бир мурожаатни атрофлича ўрганиб чиқиш ҳамда ўз вақтида ҳал этиш депутатнинг биринчи навбатдаги вазифасидир.
Халқ ишончини қозониб, Халқ депутати деган мақомни олган шахс, шубҳасиз ташаббускор, фидойи, жонкуяр ва изланувчан хислатларга эга бўлиши шарт. Чунки халқ бир нечта сиёсий партия томонидан тавсия этилган номзодлар орасидан ўзи учун энг муносибини танлаб олади. Бу танловнинг ортида орзу умидларининг рўёбга чиқиши, муаммоларининг бартараф этилиши каби муҳим мақсадлар туради.
Ғолибжон Бобоев,
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси
Наманган вилояти Кенгаши ижрочи котиби.
ЎзА