Депутат ва талаба-ёшлар учрашуви
Мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаоллигини ошириш, замонавий дунёқараш, билим ва кўникмага эга ёшлар сафини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қайд этиш керак, ёшларни қонун ижодкорлиги жараёнига кенг жалб этиш, уларнинг муҳим ташаббус ва таклифларидан қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш жараёнларида фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади.

Бу борада жойларда депутатлар ва ёшларнинг учрашувларини ташкил этиш, ўсиб келаётган авлоднинг сиёсий онгини юксалтириш, қонун ижодкорлиги соҳасидаги тушунчасини кенгайтириш, энг муҳими, депутатлар корпуси фаолияти ҳақида билимини бойитишда муҳим ўрин тутади.

Шу мақсадда Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан Тошкент давлат аграр университетида ёшлар билан учрашув ташкил этилди.
Учрашувда халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати Гулнора Аҳмедова ёшларга юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда Бош қомусимизда белгиланган ёшларга оид нормалар ҳақида гапириб берди.

Шунингдек, тадбирда парламент қуйи палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталар, комиссиялар ҳамда депутатларнинг қонун ижодкорлиги фаолияти ҳақида маълумотлар берилди.

Мулоқотлар жараёнида талабалар томонидан саволлар ўртага ташланди ва қонун ижодкорлигини ривожлантириш, бу жараёнда ёшларнинг фаол иштирокини янада кенгайтиришга қаратилган қатор таклифлар илгари сурилди.
М.Комилова,
ЎзА