Депутат ташрифи самарали кечди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодира Жонибекова иштирокида халқ депутатлари Сайхунобод туман Кенгаши депутатлари билан “Маҳаллий кенгашлар фаолиятини янада яхшилаш, маҳаллий кенгаш депутатларининг иш самарадорлигини ошириш” мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди.
Мулоқот ишчанлик руҳида ўтди. Унда мамлакатимизда амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотлар, янгиланган Конституцияда вакиллик органларининг ваколатлари ҳамда уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида депутат томонидан атрофлича тушунтириш берилди. Шунингдек, Президентимиз ташаббуслари билан ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, энергетика, озиқ-овқат хавфсизлиги, замонавий саноат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган ишларга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди.

Тадбирда айниқса “Сайхунобод туманини коррупциядан холи ҳудудга айлантириш” бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Бу йўналишда аҳоли ҳуқуқий билимини ошириш, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган тарғибот ва тушунтириш тадбирларини кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, депутатлик назоратини самарали амалга ошириш, аҳолини қийнаётган тизимли муаммоларни ўрганиш ва уларни бартараф этиш бўйича масъул ташкилотлар ҳисоботини халқ депутатлари Кенгаши сессияларида муҳокама қилиш вазифалари белгилаб олинди.

Ташриф доирасида Нодира Жонибекова туманнинг 1-давлат мактабгача таълим ташкилоти, шунингдек, 26 ва 39-умумий ўрта таълим мактаблари фаолияти билан ҳам танишди. Боғча ва мактаб жамоалари билан учрашувларда депутат Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, педагоглар нуфузини ошириш ва улар учун қулай шарт-шароит яратишга қаратилган устувор вазифалар ҳақида маълумот берди.

Президентимиз 2026 йилни “Ёшларни замонавий касб-ҳунарга ўргатиш йили” деб эълон қилгани, касб-ҳунар таълимига халқаро стандартлар жорий этилиши, боғчалар тизимида “Янги авлод” муассасалари ташкил этилиши, хусусий боғчалардаги тарбиячиларга ҳам давлат томонидан тўлов амалга оширилиши ва уларнинг ойлик маошлари сезиларли даражада оширилиши таълим соҳаси ходимлари учун катта рағбат бўлди.

Шунингдек, депутат Гулистон маҳалласи аҳолиси билан ҳам мулоқот ўтказиб, амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича маълумот берди. У маҳалла кутубхонаси фаолияти билан ҳам танишиб, ёшлар маънавияти ва таълим олиш имкониятларини янада кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Ғулом Примов, ЎзА