Депутат сайловчиларнинг муаммоларини ўрганди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг жойларда ўз сайловчилари билан учрашувлари бўлиб ўтди.
Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида парламент қуйи палатаси депутати Ўрол Ўрозбоевнинг унга ишонч билдирган сайловчилари билан учрашувлари амалий натижаларга бой бўлди.
Олий Мажлис депутати тумандаги бир қатор қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб, ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди, фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Халқ вакили ўтган 2022 йилги инвестиция дастури доирасида янгидан фойдаланишга топширилган оилавий шифокорлик пунктлари ҳамда умумтаълим мактабларида бўлиб, бу муассасалардаги иш жараёнини кўздан кечирди.
Жумладан, Ўрол Ўрозбоев томонидан Шароф Рашидов туманидаги “Олмачи” оилавий поликлиникаси ҳамда “Ғозғонтепа” оилавий шифокорлик пунктининг моддий -техник базаси даражаси ўрганилиб, юзага келган муаммолар атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, ўтган йили янгидан таъмирланган туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли 19 ва 20-сонли умумтаълим мактабларидаги шарт-шароитлар атрофлича таҳлил қилинганида, ушбу таълим муассасаларида таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари якунига етмаганлиги ойдинлашиб қолди.
Халқ вакили муаммоларни зудлик билан бартараф этишни мутасаддилар билан муҳокама этиб, ижросини назорат қилишни ўз зиммасига олганини таъкидлади.
А.Қаюмов,
ЎзА