Депутат Расул Кушербаев қандай ноҳақликка учради?
Ижтимоий тармоқларда Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев билан боғлиқ турли фикрлар кўпайди.
Ижтимоий тармоқларда Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев билан боғлиқ турли фикрлар кўпайди. Фойдаланувчилар депутатни кимлардир йўқ қилишга ҳаракат қилаётгани, лекин бунга йўл қўймаслик ҳақида мулоҳазалар билдирмоқда.
Ўзининг дадиллиги, муаммоларга вақтида эътибор қаратиб, унинг ечимини топишга ҳаракат қилиши билан Расул Кушербаев халқ орасида обрў қозонган. Шунинг учун ҳам кўпчилик депутатни қаҳрамон, деб билади ва унга зарар етишини истамайди.
Давлатимиз раҳбари ҳам унинг хизматларини эътироф этиб “Кушербаев кўпчиликка ёқмайди, лекин менга ёқади”, деб айтган.
Бироқ, ҳозир муаммо нимада экани очиқ айтилмагани учун вазият бироз чигаллашди.
Депутат ўзининг телеграмдаги расмий каналида бу ҳақда изоҳ берди.
Р.Кушербаевнинг қайд этишича, “Интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда мен билан боғлиқ хабарлар ва видеоматериал муаллифининг мурожаатлари юзасидан қуйидагиларни билдириб ўтмоқчиман:
Янгийўллик тадбиркор видеода баён этган ҳолатлар, ер участкаси билан боғлиқ вазият ва бошқа ишлар бўйича айрим прокуратура масъулларининг менга айблов уюштириш, мажбуран кўрсатма олишга уринишлари ҳақида фуқаролар томонидан менга ҳам мурожаатлар бўлган ва уларни имкон даражасида ўрганганман.
Ушбу ҳолатлар бўйича ҳуқуқий баҳо бериш, депутат фаолияти, ўзи ва оиласи дахлсизлиги билан боғлиқ кафолатларни тўлиқ таъминлаш юзасидан тегишли юқори идораларга мурожаат қилганман.
Умид қиламанки, барча ҳолатлар ҳеч қандай таъсирларсиз холис ўрганилиб, ҳуқуқий баҳо берилади, депутат дахлсизлиги, шаъни ва ишчанлик обрўси таъминланади...”.
Кўриб турганингиздек, шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди. Депутатнинг халқпарварлиги, қонунийлик таъминланиши учун жон куйдираётгани кимларгадир ёқмагани аён. Бўлмаса унга қарши кўрсатма олишга уринишлар бўлмасди.
Аммо депутатнинг қилаётган ҳамма ишлари, ҳаракатлари халқ назарида. Қолаверса, у бугун депутат бўлгани йўқ. Халқ унга иккинчи марта катта ишонч билдирди.
Ишонамизки, халқимизга умид, ишонч берган депутат чигал вазиятдан ёруғ юз билан чиқади. Бу йўлда уни халқимиз қўллаб-қувватлайди!