Депутат муаммони ҳал қилишга кўмаклашди
Йилдан-йилга Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатларнинг фаоллиги ошиб бормоқда. Уларнинг мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, қонун устуворлигини таъминлаш, сайловчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда фаоллигини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.
“Адолат” СДПдан Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши депутати Шаҳло Раҳматова Навбаҳор туманидаги ўз сайловчилари билан учрашувларида мактабгача таълим ташкилоти ҳамда умумий ўрта таълим мактабларида фаолият кўрсатаётган ўқитувчи ва ходимлар ўз ҳисобларидан тиббий кўрикдан ўтиб келишаётганлиги маълум бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг “Ходимнинг мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши билан боғлиқ харажатларни компенсация қилиш” деб номланган 292-моддасида ходимнинг мажбурий тиббий кўрикдан, у дастлабки (ишга қабул қилиш чоғида) ёки даврий (иш жараёнида) хусусиятга эга бўлишидан қатъи назар, ўтиши билан боғлиқ харажатларни компенсация қилиш иш берувчининг ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2012 йил 10 июлдаги “Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи билан тасдиқланган Низом талабларидан келиб чиққан ҳолда тумандаги мактабгача ва мактаб таълими тизимида ишлаётган ходимларини тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тасдиқланган.

Бугунги кунда Навбаҳор туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли 37 та умумтаълим мактабида 3 минг 950 нафар ҳамда 17 та мактабгача таълими муассасасида 637 нафар ходим фаолият кўрсатиб келмоқда.
Низом талаблари асосида туман мактабгача ва мактаб таълими муассасалари ходимлари туман тиббиёт бирлашмаси томонидан ҳар йилда бир маротаба пуллик тиббий кўрикдан ўтказилиши, бунинг учун бўлим томонидан ҳар бир ходим учун ўртача юз минг сўмдан, жами 458 миллион сўм атрофида пул кўчириб берилиши лозим эди.
Соҳа ходимларининг бир неча йиллардан буён турли идораларга қилган мурожаатлари эса натижа бермаган. Депутат мазкур масала юзасидан Навоий вилояти ҳокимининг Ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ж.Хўжаевга депутатлик сўрови юборган эди.
Ушбу депутатлик сўрови юзасидан Навоий вилоят ва туман прокуратуралари томонидан ўрганишлар олиб борилиб, муаммога қонуний ечим топилди.
Натижада Навбаҳор туман прокуратурасининг амалий ёрдами билан тумандаги мактабгача ва мактаб таълими муассасаларининг 4 минг 587 нафар ходими бепул тиббий кўрикдан ўтказилиши таъминланди.
Шунингдек, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан 2024 йил учун тасдиқланадиган асосий харажатлар сметасига ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш харажатларини киритиш бўйича келишиб олинди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири