Депутат маҳаллаларда учрашувлар ўтказмоқда
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Одинахон Отахонова Шаҳрихон туманидаги маҳаллалар “еттилиги” ҳамда ишсиз аҳоли вакиллари билан учрашувлар ўтказмоқда.
Депутат – халқ вакили. У одамларга манфаат келтирадиган қонунлар тайёрлаш жараёнида фаол иштирок этиш билан бирга, ўзи сайланган ҳудуд аҳолисининг дардини тинглаши, меҳрини қозониши, ишончини оқлаши зарур. Таъкидлаш жоизки, бугун депутат одамлар орасига кирмай, улар билан мулоқот қилмай жойлардаги муаммоларга ечим тополмайди, қолаверса, сайловчилар ишончини ҳам қозона олмайди.
[gallery-17092]
Шу маънода Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Одинахон Отахонова Шаҳрихон туманидаги маҳаллаларда бўлиб, аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганди, уларни ижобий ҳал этиш юзасидан тегишли мутасаддиларга мурожаатлар қилди. Шунингдек, тикув машинаси харид қилиш учун имтиёзли кредит олишда кўмак сўраган 2 нафар хотин-қизга, соғлигини тиклаш учун ордер олиш бўйича ёрдам сўраган 3 нафар фуқаронинг кредит ва ордер олишига амалий ёрдам берди.
Ўтказилган учрашув ва мулоқотларда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, Президентимиз, ҳукуматимиз томонидан қабул қилинаётган фармон ва қарорлар, энг аввало, аҳолининг қадр-қимматини, турмуш фаровонлигини юксалтиришга, одамларни қийнаётган муаммоларни бартараф этишга хизмат қилаётганлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, депутат аҳолига Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларини эътироф этиш тўғрисида”ги қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 16 апрелдаги “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти хусусида ҳам маълумотлар берди.
Олий Мажлис депутатининг туман маҳаллаларидаги бу каби учрашувлари давом этмоқда.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари