Деновда 3 минг 500 хонадонли янги массив қад ростлайди
Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яна бир йирик лойиҳа – “Денов Сити” массиви қурилишига илк тамал тоши қўйилди.
Ўтмишдан йирик иқтисодий-маданий марказ сифатида танилган Денов – мамлакатимиздаги аҳоли кўп яшайдиган туманлардан бири. Айни пайтда 450 мингдан ортиқ киши истиқомат қилади.



Президентимизнинг 2020 йил 9 апрелдаги “2020 – 2022 йилларда Сурхондарё вилоятининг Денов тумани ва унинг марказини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ амалга оширилаётган кенг қамровли бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари ҳудуд қиёфасини тубдан ўзгартираётир. Аҳоли сонининг ортиши ва урбанизация жараёнлари инобатга олиниб, замонавий, арзон, шинам кўп қаватли уй-жойлар қурилмоқда.



Тумандаги Саноатчилик маҳалласида барпо этилаётган янги йирик мажмуада 3 минг 500 хонадонга мўлжалланган кўп қаватли турар-жой бинолари, савдо ва хизмат кўрсатиш, дам олиш ва спорт-соғломлаштириш марказлари, бошқа инфратузилма иншоотлари қурилади. Қиймати 980 миллиард сўм бўлган лойиҳа олти йилда тўлиқ фойдаланишга топширилади.
Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов замонавий массив қурилишига старт берди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири