Деҳқонободда сел сувлари “жиловланадиган” бўлди
Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод тумани тоғ ва тоғ олди ҳудуд бўлиб, баҳор ойларида ёғингарчилик туфайли сел тошқинлари юзага келади. Табиат ҳодисаси туфайли дарё ўзанларига ва сел сувлари оқиб ўтадиган жойларга яқин жойлашган аҳоли пунктлари жабр кўради. Баъзан кўприклар бузилиб кетади. Аммо ушбу сел сувларини жиловлай олинса, тўғри мақсадларда, самарали фойдаланиш ҳам мумкин. Боиси бугун қишлоқ хўжалиги учун бир томчи сувнинг ҳам қадри баланд.
Куни кеча туманда янгидан қайта реконструкция қилинган “Деҳқонобод” сел сув омбори кенг жамоатчилик иштирокида фойдаланишга топширилди. Таъкидлаш лозимки, “Деҳқонобод” сел сув омбори 1982 йилда қуриб фойдаланишга топширилган бўлиб, лойиҳавий ҳажми 15,4 миллион метр куб сув йиғишга мўлжалланган эди. Мазкур сел сув омбори узоқ йиллар давомида фойдаланилиши натижасида сув омборга лойқа ва чўкиндилар йиғилиб, фойдали сув ҳажми 12,4 миллион метр кубга камайиб, атиги 3 миллион куб метр сув йиғиш ҳажми билан фойдаланиш қувватини йўқотган эди.
Ушбу сув омборининг қурилиши Деҳқонобод туманидаги энг долзарб масалалардан бири бўлиб, тумандаги 29 минг гектар аҳоли томорқа майдонлари ва 1,6 минг гектар майдонларда сув таъминоти учун жуда зарур ҳисобланган. Шунга асосан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қатор топшириқлари асосида Республика бюджетининг 66 миллиард 706 миллион сўм маблағлари ҳисобидан 2017-2022 йилларда “Деҳқонобод” сел сув омбори ҳажмини 20 миллион метр кубга ошириш бўйича қуриш ва реконструкция қилиш ишлари бошланган.
[gallery-11371]
2020-2022 йилларда Давлат раҳбари томонидан Қашқадарё вилоятига ташриф давомида аграр соҳадаги ушбу долзарб масала кўтарилиб, барча имкониятларни ишга солиб сув омборини қуриш ишларини жадаллаштириш, аҳоли фаровонлиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминлаш мақсадида жорий йилда сув омборининг қурилиш ишларини якунлаш бўйича алоҳида топшириқлар берилган эди.
Маълумотларга кўра, қурилиш ишлари “Қашқадарёсувқурилишинвест” давлат муассасаси буюртмачилигида пудратчи корхона “Яккабоғ қўрғони” қурилиш инжиниринг компанияси томонидан олиб борилди. Ҳозирги кунда қуриш ва реконструкция қилиш ишлари якунланди. Қурилиш ишларида сув омбор тўғонининг баландлиги 7 метр (931 сатҳ белгисига) кўтарилди. Сув омбор қиялигида 20 сантиметр қалинликда монолит темир-бетон ётқизиш ишлари бажарилди. Фавқулодда сув ташлама иншоотининг кириш ва чиқиш қисмлари қайта қурилди, сув чиқарувчи иншоот қайта реконструкция қилинди. Сув омборининг техник ҳолатини кузатиб бориш учун 48 дона кузатув (пъезометр) қудуқлари ва 2 та қоровулхона биноси қурилди. Тўғон ва сув омбори атрофи 3 километр узунликда тиканли ҳимоя симлар билан ўраб чиқилди. 38 дона ёритиш устунлари ўрнатилди ва сув омбори атрофи ободонлаштирилиб, йирик сув хўжалиги объекти кўринишига келтирилди.
Бунинг натижасида, сув йиғиш қувватини йўқотган Деҳқонобод сел сув омборининг фойдали сув йиғиш ҳажми 20 миллион метр кубга оширилиб, тумандаги 22 та қишлоқдаги 29 минг аҳолининг томорқа майдонлари оқар сувга бўлган эҳтиёжи қондирилишига, 10 дан ортиқ ишлаб чиқариш корхоналарига қўшимча сув берилишига ва 1,6 минг гектар ер майдонлари ишончли сув билан таъминланишига замин яратилади.
Объектни фойдаланишга топшириш муносабати билан ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокими М.Азимов ва бошқалар иштирок этди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов ЎзА.