Деҳқонободда 2,7 км йўл таъмирланди
Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида амалга оширилган навбатдаги иш маҳаллада яшаётган минглаб аҳолининг кундалик турмушига ижобий таъсир кўрсатди. “Деҳқонобод” маҳалласидаги бир нечта кўчаларнинг ички йўллари асфалтланиб, аҳолининг кўп йиллик муаммосига ечим топилди.
Лойиҳа 2025 йилда ўтказилган ташаббуслар танловининг иккинчи босқичида 2 минг 417 нафар фуқаронинг овози билан ғолиб деб топилган эди. Унга мувофиқ, “Деҳқонобод” маҳалласидаги Бахт, Навбаҳор, Пешқадамлар ва Янгиҳаёт кўчаларида жами 2,7 километр ички йўллар тўлиқ асфальтланди. Бу ишлар учун 1 миллиард 400 миллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди.

Маҳалладаги йўллар илгари ўнқир-чўнқир бўлиб, аҳолининг кундалик ҳаракати, болаларнинг мактабга бориши, чиқиндиларни олиб чиқиш каби оддий ишлар ҳам қийинчилик билан амалга ошириларди. Аҳоли бир неча йил давомида ечим кутган бу муаммо фуқароларнинг ўзи ташаббускор бўлганидан кейин ҳал этилди.

“Деҳқонобод” аҳолиси “Очиқ бюджет” платформасида бирдамлик намоён этиб, лойиҳани илгари сурди ва овоз бериш жараёнида фаол иштирок этди. Ташаббус ғолиб деб топилгандан кейин йўлларни таъмирлаш ишлари қисқа фурсатда амалга оширилди.

— Лойиҳанинг амалга оширилиши нафақат инфратузилмани яхшилади, балки аҳолида “маҳалламга ўзим масъулман” деган фуқаролик туйғусини ҳам мустаҳкамлади, — дейди деҳқонободлик меҳнат фахрийси Содиқжон Муҳаммедов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири