Деҳқонобод тадбиркорлик марказига айланади
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 12-13 ноябрь кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 апрелдаги қарорига асосан Деҳқонобод туманида писта ва каврак плантацияларини барпо этиш бўйича Солиқ қўмитасининг ташаббуси билан “Тадбиркорликни ривожлантириш офиси” ташкил этилиб, 86,5 гектар ер майдони ажратилди.
Шундан 74,5 гектарига писта ва оралиқ майдонига каврак, 4 гектарида каврак уруғчилиги, 3 гектарида каврак кўчатчилиги ташкил этилган. Шу билан бирга 5,5 гектар майдонга 10 турдаги мевали дарахтлар экилди.
Плантацияни томчилатиб суғориш мақсадида чуқурлиги 200 метр бўлган артезиан сув қудуғи қазилиб, сув чиқарилди. Туркиядан мутахассислар жалб қилиниб, лойиҳа асосида замонавий томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизими жорий қилинди. Плантация майдони 4 минг 200 метр панжара билан ўраб олинди.
3,4 километр масофадан электр тармоғи олиб келинган ҳамда иккита трансформатор ўрнатилган.
Туман марказидан плантациягача носоз бўлган 6,1 километр ички йўлларга шағал тўкилиб, таъмирланди.
[gallery-17235]
– Ходимлар учун қулай шароит яратиш мақсадида енгил конструкцияли замонавий офис биноси қурилиб, мебел ва оргтехника жиҳозлари билан таъминланди, – дейди “Тадбиркорликни ривожлантириш офиси” МЧЖ директори Баҳром Каримов. – 3,5 километр масофадан оптик толали юқори тезликдаги интернет тармоғи тортилган. Ташкил этилган писта ва каврак плантацияси майдонига тўлиқ видео кузатув мосламалари ўрнатилди. 200 нафарга яқин ишсиз аҳоли, жумладан, уюшмаган ёшлар ҳар йили мавсумий ишларга жалб этилмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбири