Деҳлида Ўзбекистон маданиятига бағишланган илмий семинар ўтказилди
Яқинда Деҳли шаҳрида Жавоҳарлал Неру университетининг Форс ва Марказий Осиё тадқиқотлари маркази ҳамда Доро Шукуҳ илмий-тадқиқот жамғармаси ҳамкорлигида “Марказий Осиё ва Ўзбекистон тарихи, маданияти ҳамда адабиёти тадқиқоти” мавзусида халқаро илмий семинар ва адабий-бадиий кеча ташкил этилди.
Анжуманда Ҳиндистон, Ўзбекистон, Эрон ва Афғонистондан таниқли олимлар, шоир ва ёзувчилар, илмий тадқиқотчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Семинарга Форс ва Марказий Осиё тадқиқотлари маркази раиси, профессор Ахлоқ Аҳмад Аҳан раислик қилди. У ўз маърузасида Жавоҳарлал Неру университетида Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданий меросини ўрганишга қаратилган илмий-тадқиқотларнинг стратегик ва академик аҳамиятига алоҳида тўхталди.
Профессор икки минтақа ўртасидаги кўп асрлик тарихий ва маданий алоқалар бугунги кунда илмий ҳамкорлик асосида янги босқичга кўтарилаётганини алоҳида таъкидлади.
Жиндал университети доценти, эронлик олима Фотима Ражаби ўз маърузасида ўзбек маданияти, мумтоз ва замонавий адабиётининг халқаро миқёсда ўрганилиши масалаларига тўхталди. У ўзбек адабий меросининг хорижда жумладан, Шарқ ва Ғарб илмий доираларида кенг тадқиқ этилаётгани минтақалараро маданий мулоқотни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётганини қайд этди.

Деҳли Малака ва Бизнес университети (DSEU) профессори Сантош Кумар эса ўзбек миллий рақс санъатига бағишланган тадқиқотлар хусусида маъруза қилди. Хусусан, у ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган “Хоразм лазгиси” ҳамда миллий ва тарихий қадриятларни ўзида мужассам этган “Андижон полкаси”нинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида сўз юритди.
Олим мазкур рақсларнинг хореографик тузилиши, тарихий тараққиёт босқичлари ва уларнинг минтақалараро маданий алоқалар ривожидаги ўрнига батафсил тўхталди.
Тадбирнинг иккинчи қисмида шеърхонлик, янги нашр этилган адабий-илмий манбалар ва китоблар тақдимоти бўлиб ўтди.

Шунингдек, ЖНУ Форс ва Марказий Осиё тадқиқотлари маркази билан ҳамкорликда чоп этиладиган “Suz.in” халқаро илмий журналининг навбатдаги сони кенг жамоатчиликка тақдим этилди.
Нашрнинг янги сонидан шарқшунослик, адабиётшунослик ва маданиятлараро алоқаларга оид долзарб академик мақолалар ўрин олган. Журнал мазмун-моҳияти ва унда жамланган илмий материаллар хусусида журнал бош директори Асрор Аллаёров батафсил маълумот берди.
Йиғин якунида иштирокчилар бундай илмий ва адабий мулоқотлар Ўзбекистон ва Ҳиндистон, шунингдек, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги академик ҳамкорликни кенгайтириш, халқлар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашув ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.
Ў.Алимов, ЎзА