Деҳли университетида Ўзбекистон байроғи ҳилпирайди
18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган куни
Ушбу олийгоҳда Ўзбек тили ва ҳинд-ўзбек илмий-маданий алоқалари маркази очилди
Жорий йилнинг 17 ноябрь куни илк маротаба Деҳли университетининг Ижтимоий-гуманитар факультети таркибида Ўзбек тили ва ҳинд-ўзбек илмий-маданий алоқалари маркази иш бошлади ва ўзбек тилини ўқитиш йўлга қўйилди.
Бу ҳақда ҳозир Деҳлида бўлиб турган Тошкент давлат шарқшунослик университети проректори Қудрат ОМОНОВ ЎзА мухбирига хабар берди.

– Аввало, халқимизни Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун билан Ҳиндистонда бўлиб турган делегация номидан қутлайман. Давлат байроғи шону шарафимиз. Кеча Деҳли университетининг Ижтимоий-гуманитар факультети таркибида Ўзбек тили ва ҳинд-ўзбек илмий-маданий алоқалари маркази иш бошлади ва ўзбек тилини ўқитиш йўлга қўйилди.
Айнан шу марказда мамлакатимиз рамзи сифатида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг қўйилиши ҳам биз учун фахр-ифтихор бағишлади. Мазкур университетда юртимиз байроғининг ҳилпираб туриши икки олийгоҳнинг ўзаро ҳамкорлиги янада мустаҳкамланишига муҳим ишорадир.
Айтиш жоизки, янгиланаётган дунё геосиёсий майдонида Ҳиндистоннинг иқтисодий, сиёсий, маданий соҳалардаги ўрни ва мавқеи тез суръатлар билан ортиб бормоқда. Айниқса, кейинги ўн йилликда таълим соҳасида Ҳиндистон эришган ютуқларни алоҳида эътироф этмоқ лозим. Шу жиҳатдан юртимиз ёшлари ўртасида Ҳиндистон олий ўқув юртларига бўлган талаб ўсиб бормоқда. Ўз навбатида мамлакатимизда кечаётган барча соҳалардаги ўзгаришлар ҳиндистонликларнинг ҳам қизиқишига сабаб бўлмоқда.
Айни кунларда Тошкент давлат шарқшунослик университети раҳбариятининг Ҳиндистонга амалга ошираётган сафари айни эҳтиёжларни ҳисобга олган. Ҳиндистондаги энг нуфузли университет ва ТДШУ раҳбарларининг мулоқоти натижасида икки университет ўртасида имзоланган шартнома бундан кейинги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг самарали давом этиши учун асос бўлди.
Мазкур шартнома имзолаш жараёнида икки олий таълим муассасаси раҳбарлари, Ҳиндистондаги Ўзбекистоннинг Фавқулодда ва мухтор элчиси иштирок этди. Тадбирда Деҳли университети вице-канцлери Йогеш Сингх ўзбек халқи билан ҳинд халқи ўртасидаги маданий-маърифий алоқалар кўп асрлик тарихга эга эканлигини, мазкур имзоланган шартнома икки халқ ўртасида таълим соҳасидаги қадимги ришталарга янги туртки бўлишини қайд этди. Бундан ташқари икки университет илмий жамоатчилиги томонидан амалга ошириладиган қўшма илмий лойиҳалар, ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви, қўшма таълим дастурлари орқали мутахассислар тайёрлаш ишлари учун ҳуқуқий асос бўлиши муқаррар эканлигига алоҳида урғу берди.
Ўз навбатида, ТДШУ ректори Гулчеҳра Рихсиева Ўзбекистонда ҳиндшуносликнинг ривожаланиш истиқболлари, икки нуфузли университет ўртасидаги илмий алоқалар, ТДШУда ҳинд тилининг ўқитилиши тарихи ҳақида маълумот бериб, Деҳли университетида ҳам ўзбек тили ва адабиёти, тарихини ўқитиш, ўзбекшунослик бўйича кадрлар тайёрлаш икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашда кўприк вазифасини ўташини таъкидлаб ўтди.
Ўзбекистон Республикасининг Ҳиндистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дилшод Аҳадов эса дунё фанида илк илмий ҳиндшуносликка асос солган аллома Абу Райҳон Беруний эканлиги ва унинг “Ҳиндистон” асари ушбу илмий йўналишга тамал тоши бўлиб хизмат қилганлиги, шунинг сингари тадқиқотлар ҳозирги чоғда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмагани, бу боради икки университет олимлари олдида қатор муҳим вазифалар борлигига урғу берди.
Шартнома асосида илк маротаба Деҳли университетининг Ижтимоий-гуманитар факультети таркибида Ўзбек тили ва ҳинд-ўзбек илмий-маданий алоқалари маркази иш бошлади ва ўзбек тилини ўқитиш йўлга қўйилди. Мазкур марказ учун алоҳида махсус хона ажратилиб, ўзбек тили ва маданияти билан боғлиқ ўқув-услубий материаллар билан таъминланди. Қувонарлиси, ўзбек тилини ўрганувчи талабалар учун илк сабоқлар ҳам ташкил этилди. Хусусан, университет ректори Г.Рихсиева, профессор Қ.Омонов, доцент М.Абдураҳманова томонидан маҳорат дарслари ҳам ўтиб берилди.
Тадбир якунида марказ ўз фаолиятини самарали давом эттириши учун ТДШУ томонидан яқин кунлар ичида ўзбек тили ўқитувчиси билан таъминланиши ҳақида келишиб олинди.
ЎзА мухбири
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА
ёзиб олди.