Давлатободда янги ишлаб чиқариш корхонаси иш бошлади
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Давлатобод туманида янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилиб, ҳудуднинг саноат салоҳияти янада юксалмоқда.
Ана шундай лойиҳалардан бири “Кушон” кичик саноат зонасида амалга оширилди. Бу ерда “NDMBUSINESS” масъулияти чекланган жамияти томонидан канализация тизимларида қўлланиладиган замонавий фитинглар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона фаолияти йўлга қўйилди.
Корхона тақдимотида вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов, нуронийлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда жамоатчилик иштирок этди.
[gallery-30838]
Инвестиция лойиҳасининг умумий қиймати 4 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Айни пайтда унинг 2 миллион долларлик қисми ўзлаштирилиб, ишлаб чиқариш жараёни бошланган. Қолган 2 миллион доллар инвестицияни ўзлаштириш ва корхонани тўлиқ қувватга олиб чиқиш 2028 йилгача амалга оширилиши режалаштирилган.
Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 700 тоннани ташкил этади. Келгусида маҳсулот турларини кенгайтириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва янги бозорларни ўзлаштириш кўзда тутилган.
Лойиҳа доирасида 40 та янги доимий иш ўрни яратилди. Корхонанинг йиллик товар айланмаси 15 миллиард сўмга етказилиши кутилмоқда.
Янги корхона ички бозорни маҳаллий маҳсулотлар билан таъминлаш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда қурилиш ва коммунал инфратузилма соҳалари учун зарур маҳсулотларни юртимизда тайёрлаш имконини беради.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА