Аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш борасида қандай ишлар олиб борилмоқда?
Аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлод онгу-шуурида табиатга меҳр уйғотиш бугуннинг энг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади. Хўш, бу борада қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси А.Абдуҳакимовнинг “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепцияси ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги парламент сўровига жавоби кўриб чиқилди.
Сўров жавобига кўра, Концепция ижросини таъминлаш мақсадида таълим муассасалари, маҳаллалар, давлат идоралари ва фуқаролик жамияти институтлари иштирокида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, мактабгача таълим ташкилотларида болаларда табиатни асраб-авайлаш ва экологик тафаккурни ривожлантиришга қаратилган мавзулар ва амалий машғулотлар ўтиш кенгайтирилди.
Тарбияланувчиларнинг қўл меҳнати буюмлари, чизмалари ва табиий материаллардан тайёрланган ижодий ишлари асосида “Экологик бурчаклар” ҳамда “Экологик йўлакчалар” ташкил этилди. Уларда олиб борилаётган машғулотлар, кузатув ишлари ва сайрлар давомида тарбияланувчиларга атроф-муҳит, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳақида дастлабки тушунчалар бериш тизимли йўлга қўйилди. Республикадаги 7 мингга яқин мактабгача таълим ташкилотларидаги 1,6 млн.дан ортиқ тарбияланувчилар экологик таълим-тарбияни шакллантиришга қаратилган тадбирлар билан қамраб олинди.
10 мингдан ортиқ мактаб ўқувчилари ўртасида экологик таълим-тарбияни тубдан мустаҳкамлаш ва экологик маданиятни юксалтириш мақсадида “Табиатни асрашда менинг ҳиссам” туркумидаги тадбирлар ташкил этилди. Мазкур ташаббус доирасидаги амалий ва тарғибот тадбирларига эса 1 млн. 650 минг нафарга яқин ўқувчи жалб қилинди.
2025/2026 ўқув йили учун тегишли касбий таълим йўналишларига мос касбларда “Амалий экология”, “Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси”, “Экология ҳуқуқи ва бошқаруви”, “Алоҳида муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар экологияси” фанлари жорий этилган. Шунингдек, 200 тадан ортиқ олий таълим муассасалари талабаларини ихтиёрийлик асосида бирлаштирувчи “Ўзбекистон эковолонтёр талабалар ҳаракати” ташкил этилган.
Касбий ва олий таълим муассасаларида "Яшил қаҳрамон", "Яшил макон", "Ўзбекистон эковолонтёр талабалар ҳаракати" каби лойиҳалар амалга оширилиб, экологик маданиятни юксалтиришга қаратилган янги ташаббуслар йўлга қўйилган.
4 минг 500 дан зиёд маҳаллада “Маҳаллани чиқиндидан холи ҳудудга айлантирамиз” мавзусида акциялар, экологияга оид қонун ҳужжатлари мазмун-моҳиятини етказишга оид тарғибот тадбирлари, экология тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ҳар қандай бузилишига нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган ташвиқот тадбирлари ўтказилган.
Парламент сўровига жавобда аҳоли ўртасида экологик маданиятни кенг тарғиб қилиш, давлат хизматчилари ва мутахассислар малакасини ошириш, халқаро экологик тадбирлар ва кўргазмаларни ташкил этиш, маҳаллаларда экологик тарғибот ишларини кучайтириш ҳамда экологик қонунчилик ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилган.
Мажлисда мазкур концепцияда 2030 йилгача аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш бўйича белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, унинг ижроси парламентнинг доимий назоратида бўлиши қайд этилди.
М.Комилова, ЎзА