Давлатлараро сув таъминотида муаммо бўлмайди
Тошкент шаҳрида жорий йилнинг 1-2 ноябрь кунлари Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссиясининг 85-йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон, Ўзбекистон делегациялари, комиссиянинг ижро этувчи органлари ҳисобланган “Амударё” ва “Сирдарё” ҳавзалари сув хўжалиги бирлашмалари, шунингдек, комиссия котибияти ва илмий-ахборот маркази раҳбарлари иштирок этди.

Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссияси аъзолари – Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш. Ҳамроев, Қозоғистон Республикаси сув ресурслари ва ирригация вазири Н.Нуржигитов, Тожикистон Республикаси энергетика ва сув ресурслари вазирининг биринчи ўринбосари Ж. Шойимзода, Туркманистон Республикаси Сув хўжалиги қўмитаси раиси Д. Генжиевнинг чиқишлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш. Ҳамроев 2023 йил вегетация мавсумини муваффақиятли ўтказишда қўшган ҳиссаси учун комиссия таркибига кирувчи барча ижрочи ташкилотлар, жумладан, “Амударё” ва “Сирдарё” ҳавзалари сув хўжалиги бирлашмалари ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари, комиссия котибияти ва илмий-ахборот маркази вакилларига миннатдорлик билдирди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг ўзаро ҳамкорликда олиб бораётган дўстона сиёсати натижасида сув хўжалиги соҳасида алоқаларнинг мутлақо янги муҳити шаклланганини таъкидлади. Шунингдек, ўзаро саъй-ҳаракатлар, қўшни давлатлар билан дўстона ва ишончли муносабатлар Марказий Осиёда трансчегаравий сув ресурсларидан адолатли ва оқилона фойдаланиш учун мустаҳкам замин яратгани қайд этилди.

Вазир Ўзбекистон ҳукумати минтақанинг барча республикалари билан давлатлараро сув ҳамкорлиги механизмларини такомиллаштириш бўйича конструктив мулоқотларни давом эттиришга тайёрлигини маълум қилиб, Марказий Осиё давлатларини бу жараёнда фаол иштирок этишга чорлади.
Йиғилишда минтақада мавжуд сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш, Оролбўйи ҳудудида сув ва экологик вазиятни яхшилаш, 2023-2024 йилларда куз-қиш мавсуми учун сув олиш бўйича прогноз лимитлар билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди ҳамда ҳисоботлар эшитилди.


Комиссия аъзолари давлатларнинг Амударё ва Сирдарё ҳавзаси бўйича 2023-2024 йиллар куз-қиш мавсуми учун сув олиш бўйича прогноз лимитларини тасдиқлади. Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштирувчи комиссиянинг навбатдаги 86-йиғилишини 2024 йилнинг январь ойида Қозоғистон Республикасида ўтказишга келишиб олинди. Шунингдек, ташриф давомида меҳмонлар Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти илмий ходимлари ва ёш тадқиқотчилар фаолияти билан танишиб, талабалар билан мулоқот қилди. Шу куни “Яшил макон” умуммиллий дастурига уйғун тарзда кўчат ўтқазиш маросими бўлди. Ташаббускор ёшлар бу кўчатларга “дўстлик дарахтлари” деб ном берди. Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссияси аъзолари Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтининг лабораторияси, тажриба участкасидаги сув тежовчи технологиялар, шунингдек, илмий ишланмалар билан танишди.
Санжар Тошпўлатов, ЎзА мухбири