Давлатимиз раҳбари Туркия Вице-президенти Жавдат Йилмазни қабул қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 ноябрь куни Туркия Республикаси Вице-президенти Жавдат Йилмаз бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон давлатимиз раҳбарига Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, хусусан, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, ахборот технологиялари, туризм, транспорт ва энергетика соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Сўнгги йилларда икки томонлама алоқалар юқори суръатда ривожланиб, ўзаро савдо ҳажми ва қўшма корхоналар сони изчил ортиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
Айниқса, Бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича юқори даражадаги кенгаш таъсис этилгани ва бугун Тошкентда унинг илк йиғилиши доирасида янги салмоқли инвестиция лойиҳалари ва савдо келишувларига эришилгани, 200 дан ортиқ етакчи компаниялар ҳамда ишбилармонлар иштирокида бизнес форуми ўтказилгани юқори баҳоланди.

Учрашувда эришилган келишувларни тўлиқ амалга ошириш ҳамда бўлажак муҳим тадбирларга пухта тайёргарлик кўриш юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилди.