Давлатимиз мукофотлари топширилди
Гулистонда Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Президентимизнинг фармонига мувофиқ бир гуруҳ сирдарёлик соҳа фидойиларига давлатимизнинг юксак мукофотлари тантанали равишда топширилди.
Тадбирда вилоятда таълим тизими ривожига муносиб ҳисса қўшаётган устоз ва мураббийлар, фахрийлар, зиёлилар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Сирдарё вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов барчани яқинлашиб келаётган Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий табриклаб, Янги Ўзбекистонда таълим соҳасида амалга оширилаётган ҳаётбахш ислоҳотлар натижасида устозлар нуфузи тобора ошиб бораётганини таъкидлади.
Мазкур тантанали маросимда ўқитувчи, мураббийларга давлат мукофотлари топширилар экан, уларнинг соҳа тараққиётига қўшган ҳиссаси яна бир бор қайд этилди.
– Ўқитувчи сифатида 21 йилдан буён қадрдон мактабда фаолият юритиб келмоқдаман, – дейди Гулистон шаҳридаги 8-умумий ўрта таълим мактабининг математика ва информатика фани ўқитувчиси, “Халқ таълими аълочиси” Дилнора Тишликова. – Президентимизнинг фармонига кўра, “Шуҳрат” медали билан тақдирланишим ҳаётимда унутилмас воқеа бўлди. Бундай эътибор ва рағбат бизга куч бағишлайди. Юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга интилаётган шогирдларимнинг ютуқлари эса қувончимга қувонч қўшмоқда. Масалан, 9-синф ўқувчиси Жавоҳир Зокиржонов информатика бўйича ўтказилган танловда “Гран При” совриндори бўлди, Халқаро “Zhautykov” олимпиадасида ғолиблик сертификатини қўлга киритди.
Ҳозирда Сирдарё вилоятида мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тизимида 163 мингдан зиёд ўқувчига 13 414 нафар устоз таълим бермоқда. Бу йил вилоятдаги 313 та умумтаълим, 10 та ихтисослаштирилган, Президент ҳамда Ҳ. Худойбердиева номидаги ижод мактабларини қарийб 10873 нафар ўқувчи тамомлади. Улардан 29 нафари халқаро олимпиадалар, 12 таси Республика миқёсида ўтказилган асосий олимпиада мусобақалари, 17 таси қўшимча олимпиадалар совриндорига айланишди, 4 мингдан зиёд битирувчи эса нафақат юртимиздаги, балки Чикаго университети каби нуфузли хорижий таълим муассасаларининг талабаси бўлди. Бу — устозлар меҳнатининг самарасидир.
– Янги ўқув йили устоз ва мураббийларимиз учун муваффақиятли бошланди, – деди вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Наргиза Холбоева. – Фақат шу йилнинг ўзида 116 та таълим муассасасида қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди, мактабларимиз замонавий компьютер ва интерактив доскалар билан таъминланди.
[gallery-25410]
Кутубхонаси йўқ мактабларда эса замонавий кутубхоналар барпо этилмоқда. Шу билан бирга, яқин вақт ичида таълим сифатини ошириш ва устозлар нуфузини юксалтириш мақсадида 1 700 нафар ўқитувчи малака ошириш курсларига юборилади.
55 нафар устоз Туркия ва Озарбайжонда стажировка ўтайди, 75 нафар мактаб директори эса менежерлик курсларида ўқитилади. Айтиш жоизки, бу каби ислоҳотлар соҳадаги янгиланиш ва ўзгаришларнинг амалий ифодаси, устоз ва мураббийлар меҳнатининг юксак қадрланишидир.
Ғулом Примов, ЎзА