“Давлатботир”нинг замонавий маҳалла биноси
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма саккиз йиллиги олдидан Фарғона вилоятида бир қатор ишлаб чиқариш, ижтимоий-маданий объектлар фойдаланишга топширилмоқда.
Ўзбекистон тумани “Давлатботир” маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биноси байрамга муносиб туҳфа бўлди. Барча шароитларга эга мазкур маскан давлат -хусусий шериклик асосида бунёд этилди.

Очилиш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи С.Аминжонов, туман ҳокими Қ.Жўраевлар мамлакатимизда маҳалла инстути фаолиятини янада ривожлантириш, уни энг халқчил тузилмага айлантириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.Маҳалла йиғинларининг моддий- техник базасини мустаҳкамлаш, янги маҳалла биноларини қуриш доимий эътиборда эканлиги алоҳида қайд этилди.

Намунавий лойиҳа асосида қисқа фурсатларда қурилиб, фойдаланишга топширилган “Давлатботир” маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биносида ходимлар ва маҳалла аҳолиси учун барча зарур шароит ва қулайликлар яратилган.
-Маҳалламизда 736 та оила бор, -дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Эркинжон Отажонов. –Янги биномизда алоҳида хоналардан ташқари, йиғин кенгаши учун ҳам йиғилишлар зали барпо этилиб, барча хоналар замонавий мебель жиҳозлари билан таъминланган. Бу масканда нафақат фуқаролар йиғини ходимлари, балки бу ерга келадиган ҳар бир фуқаро учун барча қулайликлар мужассам.
Замонавий қиёфа касб этган бино қурилишига тадбиркор, “Шўрсув цемент” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Абдувоҳид Ёқубов томонидан 580 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Айни кунларда ёшларини қўллаб-қувватловчи, уларнинг чуқур билим олишлари, бандлигини таъминлашга хизмат қилувчи муҳим ва эзгу лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда.

Вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси томонидан маҳалла фуқаролар йиғинига компютер жамланмаси топширилди. Шунингдек, маҳалладаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оила вакилларига қишки кийимлар тақдим этилди.
Биргина Ўзбекистон туманида жорий йилда 4 та давлат-хусусий шериклик ҳамда 6 та ҳомийлик асосида маҳалла фуқаролар йиғини биноси қурилди.
М. Сулаймонов, ЎзА